Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 3451, 14.08.2023 йил) билан Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Ҳужжат мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ташкилотларга ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тартибини белгилайди.
Ишга қабул қилиш чоғида танловнинг ўз вақтида ва сифатли ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлаш учун ташкилот раҳбарининг буйруғи билан доимий фаолият юритадиган танлов комиссияси ташкил этилади.
Ишга қабул қилиш чоғида танлов ташкилот тизимида мавжуд бўш иш ўринларидан келиб чиққан ҳолда ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.
Комиссия таркиби ташкилотнинг ходимлари ва тегишли соҳанинг малакали мутахассислари орасидан камида беш кишидан иборат ва тоқ сонли таркибда шакллантирилади.
Танлов қуйидаги босқичлардан иборат ҳисобланади:
- танловнинг ўтказилиши тўғрисида эълон бериш;
- номзоднинг ҳужжатларини қабул қилиш ва уларни ўрганиб чиқиш;
- номзодни тест, суҳбат ва (ёки) амалий машғулот синовларидан ўтказиш;
- танлов натижаларини эълон қилиш.
Танловнинг ошкора ва холис ўтказилишини таъминлаш мақсадида комиссия танлов тадбирларини онлайн режимда овозли видеотранслация қилиши керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.08.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.