Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
My3.soliq.uz ёрдамида солиқ ҳисоботида имтиёзни қандай қўллаш мумкин Ходимлар ва иш берувчиларни ноқонуний меҳнат муносабатлари учун қандай жазолашади Юридик шахсларга электр энергияси ва газ учун корпоратив карталар билан тўлашга рухсат берилди

Иссиқлик энергияси билан таъминлаш тизими ислоҳ қилинмоқда

17.03.2025

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 11.03.2025 йилдаги «Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-100-сон қарори қабул қилинди.

 

Кейинги 5 йилда уй-жой ва бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишлари белгиланди:

  • ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш;
  • илғор хорижий тажрибалар асосида стратегик таклифларни ишлаб чиқиш;
  • иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятини бошқарувчи ва мувофиқлаштирувчи ташкилот тузиш.

 

Шунингдек, эскирган 103 та қозонхона ва 1,6 минг километр иссиқлик тармоғини янгилаш, 9 та шаҳар ва туманда давлат-хусусий шериклик асосида модернизация лойиҳаларини амалга ошириш, марказлашган иссиқлик таъминоти қамровини 37 фоиздан 58 фоизгача етказиш, тизимдаги йўқотишларни 38 фоиздан 20 фоизгача қисқартириш ва бошқа тадбирлар режалаштирилган.

 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида «Иссиқликтаъминоти» АЖ ташкил этилмоқда. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Энергетика вазирлиги томонидан иссиқлик таъминоти тизимларида икки турдаги энергия ишлаб чиқаришни назарда тутувчи когенерация технологияларини жорий этиш лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш кўзда тутилган.

 

Ҳужжат билан устав капитали «Иссиқликтаъминоти» АЖ уставига ўтказиладиган МЧЖлар сифатида қайта ташкил этиладиган хўжалик жамиятлари ва корхоналар рўйхати тасдиқланган.

 

2025-2030 йилларда кўп квартирали уй-жойлар, ижтимоий соҳа ҳамда давлат муассасаларини марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:

  • Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг йиғма параметрлари;
  • Давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати;
  • Халқаро молия институтлари иштирокида амалга ошириладиган янги истиқболли лойиҳалар рўйхати.

 

2025 йил 1 июндан бошлаб:

  • бино-иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилишни лойиҳалаштиришда ушбу объектларнинг лойиҳа ҳужжатларида биноларнинг ўз эҳтиёжлари учун энергия тежовчи ускуналар, муқобил иссиқлик тизимлари (гелиоколлекторлар, иссиқлик насослари ва шу кабилар) ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (қуёш панеллари ва шу кабилар) мажбурий ўрнатиш талаби киритилади;
  • Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси юқорида кўрсатилган объектлардан фойдаланишга рухсатнома беришда кўрсатилган ускуналарнинг ўрнатилганини назорат қилади;
  • марказлашган иссиқлик таъминоти тизимларини қуриш ҳамда мавжудларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича барча лойиҳаларда ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимини жорий этиш назарда тутилади;
  • «Иссиқликтаъминоти» АЖ таркибидаги ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида фаолият кўрсатувчи корхоналарнинг иссиқлик таъминоти хизматлари учун нархлар (тарифлар) Идоралараро тариф комиссияси томонидан тартибга солинади;
  • кўп квартирали уй-жойлар ва биноларнинг ички иссиқлик ва иссиқ сув тарқатувчи тизимларининг қурилиши, иншоотлар ва тармоқларда ҳисоблагичларнинг тўлиқ ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади ва бошқалар.

 

Шунингдек, қуйидагилар тасдиқланди:

  • Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари режаси.
  • Марказлашган иссиқлик таъминоти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ишларини жадаллаштириш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи таркиби.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.03.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова