Президентнинг 6.10.2020 йилдаги «Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4851-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда республика туман (шаҳар)ларида мавжуд умумтаълим мактаблари негизида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар (кейинги ўринларда – ихтисослаштирилган мактаблар) босқичма-босқич ташкил этилиши назарда тутилган.
Улар фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилар этиб белгиланган:
- ижодий ривожланиш учун шароитлар яратиш, «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини мактаб ўқув дастурларига интеграция қилиш орқали ўқувчиларга ахборот технологиялари ва компьютерда дастурлаш асосларининг чуқур ўргатилишини ташкил этиш;
- ўқувчиларни ўқитиш ва билимларини баҳолашнинг замонавий услубларини жорий қилиш, рақамли ўқув воситалари ва масофавий таълим шаклини кенг қўллаш, шунингдек таълим жараёнини умумий касб маҳоратини шакллантиришга йўналтирилган фанлараро модуллардан фойдаланган ҳолда ташкил этиш;
- ўқув дастурларининг рақамли иқтисодиёт талабларига мослашишини таъминлаш ва бу борада таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари, давлат идоралари ва тармоқ корхоналари билан ҳамкорликни ривожлантириш;
- ўқувчиларнинг Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (кейинги ўринларда – IT-парк) резидентлари фаолияти билан яқиндан танишиши учун шароитлар яратиш, уларнинг ушбу йўналишга қизиқишини ошириш.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилган:
- ихтисослаштирилган ва бошқа умумтаълим мактабларида «Информатика ва ахборот технологиялари» фанининг «Бир миллион дастурчи» лойиҳасига оид ўқув дастурлари билан босқичма-босқич интеграция қилинишини таъминлаш;
- ўқувчилари «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган давлат умумтаълим мактабларининг 100 нафар энг яхши «Информатика ва ахборот технологиялари» фани ўқитувчиларини ҳар йили 20 БҲМ миқдорида бир марталик мукофотлаш тизимини жорий қилиш. Тўлов Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва IТ-паркнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилган:
- Тошкент вилоятида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг филиали ташкил этилади;
- информатика ва ахборот технологиялари йўналишларида кадрлар тайёрлаётган барча олий таълим муассасалари томонидан умумтаълим мактаблари битирувчи синфлари ўқувчилари ўртасида «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича кўп босқичли ўз олимпиадаси ўтказилади. 1–3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар биринчи ўқув йили учун тўлов олий таълим муассасаларининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилган ҳолда имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.
Олий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишлари талабалари ўртасида информатика, дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳаларида ўтказиладиган республика фан олимпиадалари ғолиблари, шунингдек Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланадиган нуфузли халқаро олимпиадалар совриндорлари бўлган талабаларни олий таълим муассасаларининг тегишли магистратура йўналишларига ажратилган квота доирасида давлат грантлари асосида имтиҳонсиз қабул қилинади.
Олий таълим муассасаларининг информатика ва ахборот технологиялари билан боғлиқ таълим йўналишлари бўйича имтиёзли дипломга эга бўлган битирувчилари мазкур олий таълим муассасаларининг магистратурасига кириш имтиҳонларисиз тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
Шунингдек ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:
- 1.01.2021 йилга қадар қуйидагиларни жойлаштириб боришни назарда тутувчи «Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари» портали ишга туширилади:
- ахборот технологиялари соҳасида халқаро ва тармоқ олимпиадалари, компьютерда дастурлаш ва киберспорт бўйича хакатонлар ғолибларининг мунтазам реестри;
- «Бир миллион дастурчи» дастурини амалга оширишнинг ҳолати, ахборот технологиялари ва компьютерда дастурлаш соҳасида ўтказиладиган олимпиадалар, танловлар ва акциялар тўғрисида маълумотлар;
- ахборот технологиялари ва компьютерда дастурлаш соҳасига ихтисослаштирилган марказлар, мактаблар ва бошқа таълим муассасалари, шунингдек ўтказиладиган ўқув курслари, тўгараклар ва тренинглар тўғрисидаги батафсил маълумотлар;
- 2021 йилдан бошлаб «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларни олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бир ойлик маош миқдорида бир марталик мукофотлаш тизими жорий этилади;
- 1.03.2021 йилга қадар «Информатика ва ахборот технологиялари» фани ўқитувчиларини сертификатлаш миллий тизими жорий этилади;
- 1.09.2021 йилдан бошлаб рақамли кўникмаларни эгаллаш даражаси бўйича тегишли сертификатга эга бўлган ихтисослаштирилган мактабларнинг «Информатика ва ахборот технологиялари» фани ўқитувчиларига базавий тариф ставкасининг 50%и миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади;
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2020 йилда ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактаблар ва уларга бириктирилган олий таълим муассасалари, илмий ва инновация марказлари, ишлаб чиқариш корхоналари рўйхати;
- 2021-2023 йилларда республика туман (шаҳар)ларида ихтисослаштирилган мактабларни босқичма-босқич ташкил этиш жадвали;
- 2020-2023 йилларда информатика ва ахборот технологиялари йўналишида узлуксиз таълим сифатини ошириш бўйича «йўл харитаси»;
- Ахборот технологиялари соҳасидаги илмий ва инновация марказларининг истиқболли лойиҳаларини тижоратлаштиришни ташкил этиш дастури.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.10.2020 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.