Президент томонидан 16.02.2023 йилдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-59-сон қарор имзоланди.
Ҳужжат билан мунтазам шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизимини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган. Бунда:
- автобусда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатувчи ташувчилар (кейинги ўринларда - ташувчилар) билан ҳисоб-китоблар “босиб ўтилган йўл” ва “сифат” мезонлари асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади;
- йўлкира ҳақи тушумлари ваколатли давлат органи тасарруфига ўтказилган ҳолда ташувчилар учун йўлкира ҳақини кунлик йиғиш режа-топшириғини белгилаш амалиёти бекор қилинади;
- ҳар бир автобус йўналиши бўйича ташувчилар электрон тендер натижалари бўйича аниқланади;
- тендер савдоларига чиқариладиган йўналиш қийматининг бошланғич нархи ҳар бир автобус йўналиши бўйича йўловчи ташиш билан боғлиқ харажатлар ҳамда рентабелликнинг 10% миқдори инобатга олинган ҳолда, ҳар бир километр босиб ўтиладиган масофа учун шакллантирилади;
- Қорақалпоғистон Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари қошида ташувчилар томонидан йўналиш кўрсаткичлари бажарилишини мониторинг қилиш, бажарилган иш ҳажми ва сифатини аниқлаш ҳамда баҳолаш, йўлкира ҳақи тўланишини ва кўрсатилган хизматлар сифатини назорат қилиш учун автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва назорат тизими ташкил этилади;
- ташувчилар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва назорат тизимини сақлаш, йўлкира ҳақи бўйича тушумларни жамлаш учун Қорақалпоғистон Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармаларининг махсус жамғармалари ташкил этилади;
- махсус жамғармалар харажатлари билан уларнинг даромадлари ўртасидаги тафовут Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;
- ташувчиларга чекланган тарифларда хизмат кўрсатишдан кўрилган зарарларни ҳамда автобусларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларни Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби қўлланилмайди.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда:
а) шаҳарларда автобус йўналишларининг янги тармоғи жорий этилишини, автоматлаштирилган тўлов тизими ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизматининг босқичма-босқич йўлга қўйилишини:
- 2023 йил 1 мартгача - Тошкент шаҳрида;
- 2023 йил 1 августгача - Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида;
- 2024 йил 1 июнгача - Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида таъминлаш;
б) мунтазам шаҳар автобус йўналишида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизимининг босқичма-босқич ишга туширилишини:
- 2023 йил 15 апрелдан бошлаб - Тошкент шаҳрида;
- 2024 йил 1 январдан бошлаб - Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида;
- 2024 йил 1 июндан бошлаб - Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида таъминлаш топширилди.
Жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар учун қулай тарифларни жорий этиш ҳамда электрон тўловларни оммалаштириш мақсадида:
- бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тарифлар қўлланилади;
- йўналишли йўловчи транспортидан фойдаланишда, унинг туридан қатъи назар, кунлик, бир, уч ва олти ойлик, йиллик чекланган ва чекланмаган тариф режалари жорий этилади;
- йўналишларда йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар белгиланади.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига янги тарифларни ишлаб чиқиб, халқ депутатлари шаҳар Кенгашида ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда 2023 йил 1 апрелдан бошлаб амалиётга жорий этиш топширилди.
Қуйидагилар Қорақалпоғистон Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари махсус жамғармалари маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбалари этиб белгиланди:
- йўналишлардаги автобусларда ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этилган ЙҲҚ бузилганлиги учун ундирилган жарима суммаларининг 50 фоизи;
- йўналишлардаги автобусларда реклама жойлаштиришдан тушадиган маблағларнинг 50 фоизи, шунингдек, йўл-транспорт инфратузилмаси объектларига реклама жойлаштиришдан тушадиган тушумларнинг бир қисми;
- мунтазам йўналишларда чиптасиз юрган йўловчиларга ҳамда уларни чиптасиз ташиган ташувчиларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қўлланилган жарима тўловларининг 100 фоизи;
- шаҳар кўчаларида ДХШ асосида ташкил этилган автомобилларнинг автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхташ жойларидан фойдаланганлик учун тушумнинг давлат шеригига ўтказиладиган қисми.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.02.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.