Ушбу масалалар юзасидан ўзгартиришлар 18.04.2018 йилдаги ЎРҚ–476-сон қонун билан Жиноят-процессуал кодексига (ЖПК) киритилди. Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган.
19 октябрдан бошлаб қатор янгиликлар кучга киради.
Биринчидан, жиноят ишлари бўйича видео-конференцалоқа режимида очиқ суд мажлисларини ўтказишга рухсат этилди. Бу томонларнинг илтимосномасига кўра ёки суднинг ўз ташаббусига биноан ўтказилиши мумкин. Ёпиқ суд мажлисларида видеоконференцалоқадан фойдаланиш тақиқланади.
Узрли сабабларга кўра судга келмаган гувоҳ ва жабрланувчи видеоконференцалоқа воситасида сўроқ қилиниши мумкин. Процесснинг бошқа иштирокчилари (давлат айбловчиси, ҳимоячи, судланувчи ва бошқалар)нинг шахсан келиши мажбурийлиги ҳақида тузатишларда бирор нима дейилмаган. Назаримизда, уларнинг келиши ва шахсан сўроқ қилиниши мажбурийлиги сақланиб қолган.
Суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тақдирда, суд мажлиси баённомасида:
- суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги ҳақидаги;
- техника воситалари тўғрисидаги;
- суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган суд ва ходимлар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.
Агар унинг ишида техник носозликлар юзага келса, суд уларни бартараф этиш бўйича чораларни кўрган ҳолда мажлисни кейинга қолдириши мумкин. Видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар суд ажримига кўра Давлат бюджетидан қопланади. Аммо бу кейинчалик уни маҳкумдан ундиришни истисно этмайди.
Иккинчидан, энди нафақат сўроқ қилишларни, балки бутун суд мажлисини видео- ва аудиоёзувга олишга рухсат берилади. Аввалгидек, овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга ва кинотасвирга олишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади. Аммо энди бу ҳақда тегишли ажрим чиқарилиши зарур.
Учинчидан, кучга кирган суд қарорларини судларнинг расмий сайтларида эълон қилиш амалиёти жорий этилмоқда. Бироқ бу мажбурий бўлмайди. Томонлар ошкор этилишига қарши бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда уларнинг ҳам розилигини олишга тўғри келади. Агар розилик олинмаган бўлса, бироқ суд эълон қилиш зарур деб ҳисобласа, сайтга қарор шахси кўрсатилмаган тарзда (процесс иштирокчилари ҳақидаги маълумотларни кўрсатмаган ҳолда) жойлаштирилади.
Ёпиқ суд мажлисларида кўрилган ишлар бўйича суд қарорларини эълон қилиш тақиқланади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.