Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Камбағалликни қисқартиришга 100 млрд сўм йўналтирилади

02.04.2020

Рус тилида ўқиш

 

Давлатимиз раҳбари иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирларини тасдиқлади (26.03.2020 йилдаги ПФ-5975-сон Фармонга қаранг).

 

Ҳужжат мамлакатимиз томонидан аҳоли фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга олинган йўналиш эстафетасини қабул қилади. Бу билан боғлиқ қайта тузилишлар илгари Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликларнинг бошқарув аппарати тузилмасида амалга оширилган эди (24.02.2020 йилдаги ПҚ-4612-сон қарорга қаранг).

 

Ҳозирги ҳужжат билан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) этиб қайта ташкил этилади. Энди барча ўрта муддатли ва қисқа муддатли концепциялар, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш стратегиялари ва дастурлари янги идора билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади.

 

Шунингдек, қабул қилинадиган ижтимоий-иқтисодий дастурлар ва қарорлар Вазирлик томонидан камбағаллик даражасига таъсирини баҳолаш нуқтаи назаридан экспертизадан ўтказилади. Бундан ташқари, у рақобат ва монополияга қарши курашиш, техник регламентларни ўрнатиш, ер муносабатларини тартибга солиш ва ҳоказо бўйича чоралар ва сиёсатларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлашда иштирок этади.

 

Идорага макроиқтисодиёт, камбағалликни қисқартириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш, давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа соҳаларда қатор вазифалар белгиланди.

 

Камбағаллик даражасини қисқартириш борасидаги чора-тадбирларни молиялаштириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларидан 2020 йилда Вазирликка 100 млрд сўм ажратилади.

 

Қайта ташкил этиш баъзи агентликларга ҳам дахл қилди:

  • Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги – энди барча вилоятлар, шаҳар ва туманларда бўлинмалари билан Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги;
  • Урбанизация агентлиги тугатилади ҳамда ўзининг функция ва вазифаларини Вазирликка ўтказади.

 

Шунингдек, ЛБМА қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби ҳамда Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ва унинг ҳудудий филиаллари Вазирлик тасарруфига ўтказилади. Унинг негизида Нукус ва барча вилоят марказларидаги ҳудудий филиаллари билан Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ташкил этилади. У корпоратив бошқарув ва тадбиркорлик соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича олий таълим муассасаси ҳисобланади.

 

2020 йил 1 октябрга қадар:

  • 2030 йилгача республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси;
  • 2030 йилгача республика саноатини ривожлантириш стратегияси;
  • Камбағалликни камайтириш дастури;
  • 2021 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида минимал истеъмол савати ва яшаш минимуми жорий этилиши юзасидан тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.

 

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш бўйича Сирдарё вилоятида ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент муддати 2021 йил 1 мартга қадар узайтирилади (экспериментнинг дастлабки муддати – 1.02.2020 йилга қадар). “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларни хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириш муддати ҳам худди шу муддатга қадар узайтирилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.03.2020 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова.