Президентнинг 03.11.2023 йилдаги «Каратэ (WKF) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-356-сон қарори қабул қилинди.
Қуйидагилар 2023-2026 йилларда каратэ спорт турининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
- иқтидорли ёшларни, шу жумладан қизларни аниқлаш, танлаш ва саралаш;
- аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг каратэ билан шуғулланиши учун ҳудудларда «Каратэ ҳамма учун» дастурини амалга ошириш;
- каратэ бўйича замонавий спорт объектларини барпо этиш, мавжудларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш;
- каратэ бўйича профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг барча босқичларини рақамлаштириш ва бошқалар.
Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси ҳудудий бўлимлари билан Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси этиб қайта ташкил қилинди.
Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси тузилмасида паракаратэ бўлими ташкил этилади.
Каратэ бўйича комплекс мусобақаларга спортчиларни тайёрлаш ва Каратэ ассоциацияси фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 5 млрд сўмдан маблағ ажратиб борилади.
2024 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда:
- республиканинг барча ҳудудларида 7 октябрь куни - Бутунжаҳон каратэ кунига бағишланган Каратэ фестивали;
- каратэ ва паракаратэ бўйича нуфузли «Uzbekistan Open» халқаро турнири;
- каратэ бўйича Халқаро каратэ федерациясининг (WKF) тасдиқланган ёш тоифалари бўйича уч босқичли (туман/шаҳар, ҳудудий ва республика) чемпионатлар ва кубоклар;
- каратэ бўйича давлат спорт-таълим муассасалари ўртасида «Ўзбекистон чемпионати» мусобақаси ўтказилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2023-2026 йилларда каратэ (WKF) спорт турини ривожлантириш дастури;
- 2023-2026 йилларда каратэ (WKF) спорт турини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.11.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.