Вазирлар Маҳкамасининг 11.09.2023 йилдаги 462-сон «Ўзбекистон Республикаси кемачилиги соҳасида хавфсизликни таъминлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида» қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг кема қатнайдиган ички сув йўлларида, табиий ва сунъий барпо этилган сув ҳавзаларида сузиш хавфсизлигини ва юкларнинг ишончли ташувини таъминлаш, инсон ҳаётини муҳофаза қилиш ҳамда кемачилик фаолиятини такомиллаштириш мақсадида тегишли қоидалар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикасининг ички кема йўлларида сузиш қоидалари қуйидагиларни кўзда тутади:
- сув йўллари, табиий ва сунъий барпо этилган сув ҳавзаларида кемаларнинг ҳаракатланиш тартиби;
- кемаларнинг жиҳозлари, қурилмалари ва тизимларидан фойдаланишга доир талаблар;
- кемалар, таркиблар габаритлари ва сув йўлларининг ҳолатига умумий талаблар;
- кемада сузиш хавфсизлигини таъминлаш ва ёрдам кўрсатиш чоралари.
Дарё транспортини техник ишлатиш қоидалари қуйидагиларни ўз ичига олади:
- кемаларни техник ишлатиш бўйича асосий талаблар;
- кемаларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш қоидалари;
- кемаларни техник назоратдан ўтказиш ва уларни текшириш тартиби;
- кемаларни таъмирлаш ва узоқ муддатга сақлаш учун фойдаланишдан чиқаришга доир талаблар ва шартлар.
Дарё транспортида юк ташиш қоидалари қуйидагиларни белгилайди:
- кемаларда юкларни ташишни ташкил этишга оид талаб ва шартлар;
- юк ташишни давлат томонидан назорат қилиш тартиби;
- юкларни қабул қилиш, жўнатиш, топшириш, кемаларга юклаш ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби;
- юк ташиш муносабатлари иштирокчиларининг жавобгарлиги.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.09.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.