Президентнинг 16.11.2022 йилдаги “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Республикада киберспорт расман алоҳида спорт тури сифатида эътироф этилган. Қуйидагилар киберспорт турларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
- киберспорт турлари бўйича профессионал спортчилар (киберспортчилар) ва тренерлар, малакали ҳакамлар ва шарҳловчилар ҳамда бошқа мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш тизимини жорий қилиш;
- киберспорт турлари бўйича республика ва халқаро чемпионатлар ва турнирлар ташкил этиш, шунингдек, нуфузли халқаро ва минтақавий мусобақаларда муносиб иштирок этиш;
- киберспорт турлари бўйича илмий ва ўқув-услубий қўлланмалар ва адабиётлар ишлаб чиқиш ҳамда нашр этиш;
- киберспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва кенгайтириш, соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилишни рағбатлантириш ва бошқалар.
Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги республикада киберспорт турларини ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга масъул ваколатли давлат органлари этиб белгиланди.
2023 йилдан бошлаб анъанавий тарзда киберспорт турлари бўйича:
- ҳар йили апрель ойида “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионати;
- ҳар йили декабрь ойида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги” турнири;
- ҳар йили июнь ойида “Ёшлар кубоги” турнири ўтказилади.
“Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионатини ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар 2023 йилда қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- чемпионатнинг республика финал босқичини ўтказиш учун – Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси томонидан IT-паркка бир марталик ажратиладиган 1,5 млрд сўм маблағлари ҳисобидан;
- чемпионатнинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичларини ўтказиш учун – спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг ҳудудий календарь режаси, Ёшлар ишлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасидан тенг улушларда ажратиладиган жами 2 млрд сўм маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳужжат билан Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. У қуйидагиларни назарда тутади:
- киберспорт лигасини ташкил қилиш ва унинг доирасида киберспорт клублари ўртасида тизимли равишда киберспорт лига мусобақаларини ўтказиш;
- киберспортни янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш борасида спорт федерация (ассоциация)лари фаолиятини кучайтириш;
- киберспортни ривожлантириш соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш;
- киберспортчиларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган омилларни камайтириш;
- киберспортда “ping” муаммосини босқичма-босқич бартараф қилиш;
- жаҳон бозорида рақобат қила оладиган киберспорт ўйинларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштириш;
- киберспортнинг истиқболлари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш;
- киберспорт билан шуғулланаётган ёшларда соғлом спорт маданиятини шакллантириш, улар томонидан қонунга хилоф ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб “Спорт фаолияти: киберспорт” бакалавриат таълим йўналиши очилади ҳамда ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланади. Бунда “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионатида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган киберспортчилар касбий (ижодий) имтиҳонларни топширишдан озод қилинади ва уларга максимал балл берилади.
Бундан ташқари, киберспорт фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари сифатида белгиланди.
Лола Абдуазимова.