Чекловлар доираси кенгайтирилди. Микрокредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли тузатишлар киритилди (рўйхат рақами 2093-11, 30.08.2019 йил).
Жумладан, микрокредит ташкилоти муассислари бўла олмайдиган субъектларнинг амалдаги рўйхати билан бир қаторда қуйидаги жиноятлар учун олиб ташланмаган судланганликка эга шахслар ҳам тақиқ остига тушдилар:
- иқтисодиёт соҳасидаги жиноят учун (Жиноят кодексининг Махсус қисми учинчи бўлими);
- бошқарув тартибига қарши жиноят учун (Жиноят кодексининг Махсус қисми XV боби, бешинчи бўлими).
Мазкур чеклов микрокредит ташкилоти устав фондининг 10%идан камига эга шахсларга нисбатан амал қилмайди.
Шунингдек, чакана хизматлар марказларини очганда Марказий банкка тақдим этилиши зарур бўлган ҳужжатлар аниқлаштирилди. Булар: чакана хизматлар маркази очилганлиги тўғрисида хабарнома ва уни ташкил этиш тўғрисидаги микрокредит ташкилоти бошқаруви олий органининг қарори.
Эслатиб ўтамиз, бундай марказларни очиш ҳуқуқи 2019 йил 1 августдан бошлаб микрокредит ташкилотларига тақдим этилган (23.07.2019 йилдаги ПҚ-4400-сон қарорга қаранг). Бунда мажбурий шарти - улар очилган кундан бошлаб 10 кунлик муддатда МБни хабардор қилиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.08.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.