Вазирлар Маҳкамасининг 24.06.2022 йилдаги «Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги 346-сон қарори қабул қилинди.
2022 йил 1 июлдан бошлаб комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган электрон тартиби жорий этилади.
Маъмурий регламент қуйидагиларни белгилайди:
- давлат хизматлари марказларига бевосита ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш тартиби;
- франшизинг тўғрисидаги шартномаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳолатлари;
- франшизинг тўғрисидаги шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ягона давлат реестрини юритиш тартиби.
Франшизинг шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш давлат хизматлари марказлари томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.06.2022 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.