Вазирлар Маҳкамасининг 25.08.2022 йилдаги “Кон-металлургия саноати соҳасида экологик талабларни ва атроф муҳит муҳофазаси меъёрларини халқаро стандартлар асосида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 474-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва бошқа маъсул давлат органларига қуйидаги вазифалар юклатилган:
- кон-металлургия саноатида экологик талабларни ва атроф муҳит муҳофазаси меъёрларни халқаро “яшил иқтисодиёт” мақсадларига эришиш индекси (Global Green Growth Index) асосида жаҳондаги ўнта энг яхши мамлакат даражасига етказиш;
маълумот учун: дунё бўйича Швеция, Дания, Чехия ва Германия, МДҲ мамлакатлари орасида Грузия, Марказий Осиёда эса Қирғизистон мазкур индексда энг юқори кўрсаткичларга эга.
- кон-металлургия саноати корхоналарида кам чиқитли ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш, табиатни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурсларни қайта тиклашда самара берувчи фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
- кон-металлургия саноати корхоналарида халқаро стандартлар асосида босқичма-босқич шаффоф ва самарали экологик менежмент тизимини жорий этишга қаратилган энг мақбул тартибга солиш сиёсатини юритиш.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида қарор билан Кон-металлургия саноати соҳасида экологик талабларни ва атроф муҳит муҳофазаси меъёрларини халқаро стандартлар асосида белгилаш дастури тасдиқланган.
Мазкур дастур ўзига аниқ чора-тадбирларни қамраб олган бўлиб, унда иккита асосий йўналиш белгиланган:
I.Атроф муҳитга чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар экологик талаблар доирасидан ошмаслигини таъминлаш;
II.Кон-металлургия саноати корхоналарида илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб экологик менежмент тизимини жорий этиш.
“Навоий КМК”, “Олмалиқ КМК” ва “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятлари фаолиятларини 2023 йил 1 июлга қадар халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида уларга қуйидаги вазифалар юклатилмоқда:
- Глобал ташаббускорлик ҳисоботи (Global Reporting Initiative, GRI) ҳамда Атроф муҳит, ижтимоий ва бошқарув (Environmental Social Governance, ESG ) тартиби асосида узоқ муддатли экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш;
- “яшил маҳсулот” ишлаб чиқаришни кенгайтириш;
- тадқиқотлар, ҳамкорлик келишувлари ва инновацион ечимлар орқали биохилма-хилликка салбий таъсирнинг олдини олиш ва камайтириш;
- сувни тежаш мақсадида айланма сувлардан кенг фойдаланиш ишларини жадаллаштириш ва у билан боғлиқ муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш;
- атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни чиқаришни кескин камайтиришга эришиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.08.2022 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.