Президентнинг 30.10.2018 йилдаги «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни расмийлаштиришнинг янги тартиби назарда тутилган.
2018 йил 1 ноябрдан бошлаб юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китоблар олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисоб-фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Ҳозир Солиқ кодексининг 222-моддаси ва Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомда (18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган) корпоратив пластик карточка ёрдамида ҳисоблашишда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш масаласи аниқ тартибга солинмаган. Амалиётда ушбу вазиятда сарфланган маблағлар тўғрисидаги ҳисобот ва терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари (майда улгуржи йўл билан харид қилишда – товар счётини илова қилган ҳолда) бошланғич ҳисоб ҳужжатлари бўлиб хизмат қилган. Кимдир ҳисобварақ-фактураларни ихтиёрий равишда расмийлаштирган, кимдир эса – йўқ. Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 222-моддаси ҳамда Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибида (22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) улар якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тақдим этилиши назарда тутилмаган.
Шу ўринда, қўшилган қиймат солиғини тўловчилар доирасини кенгайтириш режаларини инобатга олган ҳолда, корпоратив карталар бўйича ҳисоб-китобларни расмийлаштиришда ҳисобварақ-фактураларнинг тақдим этилиши «ҳаётий заруратга» айланмоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ ҚҚС тўлаётганлар учун бу янгилик харид чоғида банк карталарини қўллашни кенгайтиришда ёрдам беради, сабаби фақат ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш ва ҚҚСни ҳисобга олиш учунгина товарни ишлаб чиқарувчи билан боғланиш ёки улгуржи савдога лицензияси (дарвоқе, у 1.01.2019 йилдан бекор қилинади) бўлган контрагентни излаш, шартномалар тузиш, тўлов топшириқномалари воситасида тўловларни амалга ошириш керак бўлмайди. Бу келгусида мазкур солиқни тўловчилар учун ҳам фойдали бўлиши аён.
Изоҳ: ушбу шарҳ берилган пайтда (31.10.2018 йил) ҳужжат расман чоп этилмаган ва шу сабабли ҳали кучга кирмаган. Бундан ташқари, тавсифланган янгиликлар Президент Фармонида Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат рақобат қўмитасининг таклифларини маъқуллаш сифатида келтирилган. Шу муносабат билан корпоратив карталар бўйича ҳисоблашишнинг янги тартиби 1 ноябрдан кейин амалиётга тўлиқ жорий этилиши мумкин.
Самир Латипов.