Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Устав фондига ҳиссаларни баҳолашдаги ўзгаришлар: бизнес нималарни билиши керак Чет эл валютасидаги тўловда қайси курсни ҳисобга олиш керак ЖШДСни ким тўлаши керак

Кураш янги халқаро даражага олиб чиқилади

11.11.2020

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 4.11.2020 йилдаги «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4881-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжатда кураш миллий спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • аҳолининг барча қатламларини кураш билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ҳамда курашни умумхалқ спорт турига айлантириш;
  • курашни оммалаштириш, унинг жаҳон спорти дурдонасига айланишига ва Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритилишига эришиш;
  • кураш билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани шакллантириш;
  • Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотларида босқичма-босқич кураш ҳамда жанговар курашни устувор спорт турлари сифатида киритиш;
  • кураш бўйича профессионал тренерлар, ҳакамлар тайёрлаш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, курашнинг илмий-методологик базасини кучайтириш;
  • ўзбек кураши брендини яратиш, инвестицияларни жалб этган ҳолда яктак спорт кийимлари ва кураш гиламларини ишлаб чиқариш, курашни тижоратлаштириш чораларини кўриш;
  • курашни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш.

 

Кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси, уни 2020-2021 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ҳамда 2020-2025 йилларда курашни оммалаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлар) тасдиқланди. 

 

Концепциянинг асосий мақсади курашни Европа, Африка ва Панамерика қитъавий ўйинлари қаторига расман киритиш ва халқаро «GAISF-Global Association of International Sports Federations» ташкилотининг эътирофига сазовор бўлиш, шунингдек 2028 йилгача уни Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритишдан иборат.

 

2020 йилдан бошлаб ҳар йили 1 марта давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида кураш бўйича «Ўзбек полвони» республика мусобақаси ўтказилади, 2021 йилдан бошлаб ҳар 2 йилда 1 марта:

  • вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида олий таълим муассасалар талабалари ўртасида кураш бўйича халқаро мусобақа;
  • устувор равишда хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича халқаро турнирлар ўтказилади.

 

24.01.2020 йилдаги ПФ-5924-сон Фармонда назарда тутилган 2021-2022 йилларда халқаро молия институтлари ва хорижий банкларнинг имтиёзли кредитлари ҳисобидан вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида 14 та кураш миллий спорт турига ихтисослаштирилган спорт иншоотлари қурилади. Уларни сақлаш харажатлари кўрсатиладиган пуллик хизматлардан тушган маблағлар ҳисобидан қопланади. 

 

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилган: 

  • Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети (кейинги ўринларда - Университет), ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларида кураш бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини 2 бараварга ошириш;
  • Университетда ҳамда бошқа жисмоний маданият йўналишлари мавжуд олий таълим муассасаларида кураш бўйича мутахассисликни очиш.

 

Кураш билан шуғулланган ходимлар ва ҳарбий хизматчилар томонидан ёшларни ушбу спортга янада кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ёшларни «Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур» деган ягона шиор остида бирлаштириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида бепул кураш гуруҳлари ташкил этилади. Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотлари дастурига босқичма-босқич кураш ҳамда жанговар кураш устувор спорт турлари сифатида киритилади. 

 

Тасдиқланган манзилли рўйхатга мувофиқ 2021-2025 йилларда вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида кураш маҳорат мактаблари босқичма-босқич ташкил этилади. Кураш маҳорат мактаблари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бошланғич профессионал давлат спорт-таълим муассасалари ҳисобланади ва уларнинг фаолияти кураш бўйича қобилиятли ва иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ва уларни асосан миллий терма жамоаларга тайёрлашга йўналтирилади. Ўқувчиларга бепул таълим олиш, олимпия захиралари мактаб-интернатларининг меъёрларига мувофиқ озиқ-овқат билан таъминланиш ҳамда ўқувчилар турар жойида бепул яшаш ҳуқуқи берилади.

 

Ўзбекистон кураш федерацияси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Кураш миллий спорт турини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳамда маблағларни сарфлаш йўналишлари белгиланди.

 

2023 йил 31 декабрга қадар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ олиб кириладиган кураш гиламлари, уларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, уларнинг эҳтиёт ва бутловчи қисмлари, шунингдек хом ашёлари божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.11.2020 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.