Бу Президентнинг 2019 йил 21 июндаги ПҚ-4363-сон қарорида назарда тутилган.
Янги бошқарув тизими
Ҳозирги вақтга қадар кичик саноат зоналари фаолиятини оператив бошқариш функцияси:
- 10 гектар ва ундан кўп бўлинмас ҳудудга эга КСЗ учун - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида кичик саноат зоналарини бошқариш дирекциялари;
- 10 гектардан кам ҳудудга эга бўлган, битта туман (шаҳар) доирасида жойлашган КСЗ учун - тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузурида кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекциялари томонидан амалга оширилган.
Энди Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияларни ташкил этишга қарор қилинди. Ҳар бир КСЗга дирекцияларнинг масъул ходимлари бириктирилади. Бинобарин, туман (шаҳар) даражасидаги ягона дирекциялар ўз фаолиятини тўхтатади.
Ягона дирекциялар давлат муассасаси шаклида ташкил этилиб, бир ой муддатда рўйхатдан ўтказилади. Директорларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш маъмурий кенгашлар томонидан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Дирекциялар КСЗ ҳудудларининг архитектура-режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачилар бўлиб қатнашишга ҳақли.
Иштирокчилар учун янги қоидалар
Биринчидан, ер участкаларини бериш, КСЗ ҳудудида амалга ошириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаш ва жойлаштириш тўғрисидаги қарорлар туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкасини бериш тўғрисидаги алоҳида қарорини қабул қилмаган ҳолда маъмурий кенгашлар баённомалари шаклида расмийлаштирилади. Эслатиб ўтамиз, шу каби тартиб эркин иқтисодий зоналар учун амал қилади.
Иккинчидан, агар КСЗ иштирокчиси томонидан инвестиция лойиҳасини саноат зонасида жойлаштирилган кундан эътиборан 3 ой мобайнида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмаса ёки объектдан шартномада (ишлаб чиқариш майдонларининг узоқ муддатли ижараси, таҳр.) кўрсатилган мақсадга номувофиқ фойдаланилса, у билан шартнома бир томонлама тартибда бекор қилинади.
Учинчидан, агар КСЗ иштирокчиси томонидан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш объектив сабабларга кўра шартномада кўрсатилган муддатларда якунланмаган бўлса ёки охирги 6 ой мобайнида ишлаб чиқариш фаолияти амалга оширилмаган бўлса, маъмурий кенгаш унга лойиҳа амалга оширилишини тезлаштириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаган ҳолда қўшимча муддат тақдим этиши ёхуд шартномани бекор қилиши мумкин.
Тўртинчидан, илгари КСЗ иштирокчиларига тақдим этилган бинолар ва иншоотлар (ёки уларнинг қисмлари)ни хусусийлаштириш ҳуқуқини амалга ошириш тартиби белгиланди:
- ўз маблағлари ҳисобига реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган бинолар ва иншоотлар (ёки уларнинг қисмлари)да, бироқ иштирокчи мақомини олган кундан бошлаб камида 3 йил муддат ўтгандан кейин – реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ишларининг харажатлари чегириб ташланган ҳолда аниқланадиган баҳолаш қиймати бўйича;
- инвестиция ва бошқа ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган тақдирда (иштирокчининг шахсий маблағлари ҳисобига реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ишлари олиб бормаган ҳолда), бироқ иштирокчи мақомини олган кундан бошлаб камида 5 йил муддат ўтгандан кейин – 5 йил мобайнида тенг улушларда тўловларни киритиш ҳуқуқи берилган ҳолда аниқланадиган баҳолаш қиймати бўйича.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.06.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.