Президентнинг 27.07.2023 йилдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-114-сон Фармони қабул қилинди.
Президентнинг 2023 йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–14-сон Фармонига мувофиқ қуйидагилар ташкил этилади:
- Маданият ва туризм вазирлиги негизида Маданият вазирлиги;
- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида Туризм қўмитаси.
Маданият вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари:
- маданият ва санъат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, унда иштирок этувчи давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда мазкур соҳаларда қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
- маданият ва санъат, шу жумладан, театр, кино, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъатини янада ривожлантириш;
- маданият ва санъат ҳамда кино санъатидан унумли фойдаланган ҳолда ижодий рақобатни ривожлантириш;
- номоддий маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш;
- маданият соҳаси инфратузилмасини модернизация қилиш, халқаро рейтингларда мамлакатимиз мавқеини ошириш ва бошқалар.
Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларни қайта ташкил қилиш ва қайта номлаш дастури;
- Маданият вазирлиги тизимида янги ташкил қилинаётган муассасалар рўйхати;
- Вазирликнинг ташкилий тузилмаси;
- Кинематография агентлигининг ташкилий тузилмаси;
- Маданият ва санъат соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича “йўл харитаси”.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.07.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.