Вазирлар Маҳкамасининг 10.06.2020 йилдаги 367-сон қарори билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.
Президентнинг 18.02.2020 йилдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5938-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда «Маҳалла зиёси» ўқув-услубий маркази негизида «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ташкил этилади ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тузилмасига ўтказилади.
Институтнинг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланди:
- жамиятда «обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасидаги устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш;
- фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш;
- маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш;
- маҳаллалар ва оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, умуминсоний ва миллий, шу жумладан оилавий қадриятларни мустаҳкамлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;
- маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
- маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш, шунингдек ушбу соҳада юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириб бориш;
- институт фаолияти йўналишлари бўйича таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, хорижий мамлакатларнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш.
Ҳужжат билан «Маҳалла ва оила» институти тузилмаси ва унинг устави тасдиқланди.
Давлат бюджети маблағлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ва бошқалар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.06.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.