Вазирлар Маҳкамасининг 19.04.2022 йилдаги “Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 195-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 2021 йил 3 декабрдаги ПФ-29-сон Фармонига мувофиқ Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар)ларда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилган.
Бундан ташқари, ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилган.
Президентнинг 2021 йил 24 декабрдаги ПҚ-62-сон қарорига мувофиқ Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ташкил этилган.
Ҳужжат билан Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди, у қуйидагиларни назарда тутади:
- Агентликнинг мақоми;
- вазифалари ва функциялари;
- ҳуқуқлари ва жавобгарлиги;
- Агентлик фаолиятини ташкил этиш;
- Агентлик раҳбарларининг функционал вазифалари.
Шунингдек, қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази тўғрисидаги намунавий низом;
- Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низом;
- Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси тўғрисидаги низом;
- “Онлайн маҳалла” электрон платформасига маълумотлар базаси интеграция қилинадиган ҳамда ушбу интеграциялашган тизимдан реал вақт режимида фойдалана оладиган давлат органлари ва ташкилотларининг рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.04.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.