Халқ таълими вазирининг буйруғи (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 3 майда 2781-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Умумий ўрта таълим муассасасининг методик кенгаши тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Низом талаблари барча умумтаълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.
Белгиланишича, методик кенгаш умумтаълим муассасасининг таълим, методик ва инновацион фаолиятини таъминлаш юзасидан методик хизматни амалга оширадиган жамоавий орган ҳисобланади. Методик кенгаш умумтаълим муассасасининг педагогик кенгашига бўйсунади ва ўз фаолиятини педагогик кенгаш қарорларини бажаришга йўналтиради.
Ҳужжатда методик кенгашнинг мақсади ва асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил қайд этилган.
Методик кенгаш умумтаълим муассасаси директорининг буйруғи билан педагог ходимлар сони ва ўқувчилар контингентидан келиб чиқиб 5-15 кишидан иборат таркибда шакллантирилади. Методик кенгаш аъзолигига умумтаълим муассасаси директорининг ўринбосарлари, услубий бирлашмалар раҳбарлари, олий, биринчи ва иккинчи тоифали ўқитувчилар киритилади. Методик кенгаш йиғилишлари ҳар чоракда камида 2 марта ўтказилади.
Методик кенгашда унинг фаолиятига оид қуйидаги ҳужжатлар бўлиши лозим:
умумтаълим муассасаси директорининг методик кенгаш тўғрисидаги низом ва унинг таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғи;
методик кенгашнинг тасдиқланган иш режаси;
педагог ходимлар ва уларнинг методик ишлари ҳақида маълумотлар йиғмажилди;
педагог ходимлар томонидан ташкил этиладиган очиқ дарс машғулотлари ва тарбиявий соатлар жадваллари;
фан олимпиадалари, танловлар ва мусобақаларни ўтказиш режа-жадвали;
услубий бирлашмаларнинг ҳисоботлари;
йиғилиш баённомалари;
методик кенгашда муҳокама қилинган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар.
Методик кенгаш ҳужжатлари кенгашда 3 йил мобайнида сақланади ва тегишли архивга топширилади.
Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.
Буйруқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2016 йил 10 майдаги 18-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.