Вазирлар Маҳкамасининг 11.02.2025 йилдаги 76-сон қарори билан Маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Маърифий фаолият – инсоннинг шахсий, интеллектуал ва маънавий ривожланиши учун зарур бўлган кўникма ва малакаларни шакллантириш, унинг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён этиш, индивидуал салоҳият, имкониятлар, коммуникатив қобилиятларни такомиллаштиришдир.
Қабул қилинган Низом қуйидагиларни белгилайди:
- маърифий фаолиятнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари ва уни амалга оширувчи ташкилотларга қўйиладиган талаблар;
- маърифий фаолият шакллари (маъруза, тақдимот, семинар, мастер-класс, курс, лекция, марафон, давра суҳбати ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа шакллар, бевосита ёки онлайн, якка тартибда ёки гуруҳларда, пуллик ёки бепул);
- вояга етмаган шахслар учун таълим дастурини мажбурий ишлаб чиқиш қоидалари;
- маърифий фаолият иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва маърифий фаолиятни амалга оширишда тақиқланган ҳаракатлар.
Ҳужжатда қуйидагилар белгиланган:
- маърифий фаолият юридик шахс ташкил этиш ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш орқали амалга оширилиши мумкин;
- пулли асосда маърифий хизматлар кўрсатиш ёзма ёки электрон шартнома асосида амалга оширилади;
- 100 ва ундан ортиқ кишидан иборат гуруҳларда ўқитиш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади;
- 14 ёшга тўлмаган шахслар машғулотларда ота-оналари (қонуний вакиллари)нинг ёзма розилиги билан иштирок этиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.02.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова