Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 28 январдаги 74-сон қарори билан 2015 йил 27 октябрдаги 924-сон «Тошкент шаҳри қабристонларида гўр қазиш ва маросим хизматлари учун пулли хизматлар кўрсатиш тарифларини белгилаш тўғрисида»ги қарорга ўзгартиришлар киритилди.
Ҳужжат билан Тошкент шаҳрига тегишли қабристонларда пулли хизматларнинг тарифларига тузатиш киритилди, шунингдек янги хизматлар жорий қилинди. Жами маросим хизматлари учун тарифлар ўртача 5,3 фоизга индексация қилинди.
Бир қатор хизматлар, илгаригидек, бепул кўрсатилади: дафн этиш учун участкалар ва қабрларни ободонлаштириш учун анжомлар бериш, қабристон зиёратчиларининг илтимосига биноан тиловат қилиш ва бошқалар.
Тарифлар билан бу ерда танишиш мумкин.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ободонлаштириш бош бошқармаси ва Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасига кўрсатилган тарифларни қабристонларда бир хилда қўлланилиши ҳамда кўринарли жойларига ўрнатилишини таъминлаш топширилган.
Қарор «Тошкент оқшоми» газетасининг 2016 йил 4 февралдаги 25-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.