Вазирлар Маҳкамасининг 29.11.2022 йилдаги 681-сон қарори билан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишловчи фуқароларни рағбатлантириш мақсадида «Моҳир алоқачи» кўкрак нишони ва «Ўз касбининг устаси» белгиси таъсис этилди.
«Моҳир алоқачи» кўкрак нишони билан ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган ҳамда ушбу соҳада камида 15 йил меҳнат стажига эга бўлган фуқаролар тақдирланади.
«Ўз касбининг устаси» белгиси билан ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида фаолият кўрсатаётган муҳандис, электромонтёр, кабелчи, почтачи, антенначи-мачтачи, оператор каби оммавий касб эгалари соҳани ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун тақдирланади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги ташкилотлар «Моҳир алоқачи» кўкрак нишони ва «Ўз касбининг устаси» белгиси билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 апрелга қадар вазирликка тақдим этадилар.
Улар ҳар йили 7 май – алоқа соҳаси ходимларининг касб байрами арафасида топширилади. Тақдирланганларга БҲМнинг 4,5 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.11.2022 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.