Президент томонидан 31.05.2023 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари киберхавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-167-сон Қарор имзоланди.
Эндиликда киберхавфсизликка маъсул бўлган ходимларни лавозимга тайинлаш ва озод этиш ҳақида маълумот ДХХга тақдим этилади. Шунингдек ушбу ходимлар ҳар 3 йилда ДХХ томонидан аттестациядан ўтказилади.
Маълумот учун: муҳим ахборот инфратузилмаси – муҳим стратегик ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган автоматлаштирилган бошқарув тизимларининг, ахборот тизимлари ва тармоқлар ва технологик жараёнлар ресурсларининг мажмуи.
Ҳужжат билан муҳим ахборот инфратузилмаси (кейинги ўринларда – МАИ ) объектлари киберхавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланмоқда. Унга кўра қуйидагилар киберхавфсизлик тизимининг асосий вазифалари ҳисобланади:
- МАИ объектларида қайта ишланадиган маълумотдан ноқонуний фойдаланиш, уни ўчириб ташлаш, ўзгартириш, блоклар (чеклаш), нусха олиш, тақдим қилиш, тарқатиш ва шу каби киберхавфсизликка таҳдид солувчи бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш;
- маълумотни қайта ишлашнинг аппарат, дастурий ва аппарат-дастурий воситаларига МАИ объектлари ишининг бузилиши ва (ёки) тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин бўлган таъсирга йўл қўймаслик;
- МАИ объектлари фаолиятини телекоммуникация тармоқлари, ахборот ресурслари ва ҳаёт фаолияти тизимини захиралаш орқали тиклаш.
Қарорда шунингдек МАИ объектларида киберхавфсизликнинг умумий талаблари келтирилган.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.06.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.