Вазирлар Маҳкамасининг 17.06.2019 йилдаги 502-сон қарори билан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартибига (ВМнинг 12.04.2018 йилдаги 285-сон қарори) тузатишлар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, муҳтож хотин-қизларнинг кўрсатилган тоифалари имтиёзли ипотека кредитлари асосида қишлоқ жойларда ва шаҳарлардаги кўп квартирали уйларда арзон уй-жойларни қуриш дастурлари бўйича уй-жой олишлари мумкин. Мурожаат қилиш тартиби, уй-жой ажратиш шартлари, бадал миқдорлари – бу ерда.
Арзон уй-жойларнинг турлари аҳоли пунктига (туман ёки шаҳар) боғлиқ бўлиб, ҳужжатга киритилган ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда қуйидаги тартибда ажратилади:
- туманларда – кўп қаватли уйлардаги 2–3 хонали хонадонлар, шунингдек 0,02 гектарли ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 3 хонали арзон уйлар;
- шаҳарларда – кўп қаватли уйлардаги 2–3 хонали хонадонлар.
Ажратиладиган уй-жойлар сони Президентнинг 22.12.2016 йилдаги ПҚ–2691-сон қарорига мувофиқ туман ёки шаҳар тоифасига (I ёки II) боғлиқ бўлади.
Бундан ташқари, энди 0,02 гектарли ер участкаларида намунали арзон уй-жойлар қурилмаган туман ва шаҳарларда муҳтож хотин-қизларга уларнинг ўрнига кўп қаватли уйлардаги 2–3 хонали хонадонлар берилади. Кўп қаватли уйлар қурилмаган аҳоли пунктларида эса хотин-қизлар 0,02 гектарли ер участкаси бўлган 3 хонали намунали уйлардан уй-жой олишлари мумкин бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.06.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.