Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 апрелдаги 349-сон қарорида белгиланган.
“Ўзстандарт” агентлиги тузилмасида мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказувчи махсус ваколатли орган ҳисобланган “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази” ДУК (кейинги ўринларда - Марказ) ташкил этилди.
Қуйидагилар Марказнинг вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб белгиланди:
- мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказишда аккредитация жараёнининг бетарафлиги ва холислигини таъминлаган ҳолда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик;
- Аккредитация бўйича Осиё-Тинч океани ҳамкорлигига (АРАС), Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ташкилотга (ILAC) ва Аккредитация бўйича халқаро форумга (IAF) тўлақонли аъзо сифатида кириш;
- аккредитация миллий тизимини халқаро нормалар ва мезонларга мувофиқ доимий равишда ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, ISO/IEC 17011 халқаро стандарти талабларига риоя қилиш;
- аккредитация тартиб-таомилларига тааллуқли зарур ахборотни, шу жумладан, ўзининг расмий веб-сайт орқали эркин олиш имкониятини яратиш;
- Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари асосида аккредитация бўйича ишлар натижаларининг хорижий мамлакатлар томонидан эътироф этилишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўриш;
- аккредитациядан ўтказилган ташкилотлар ва уларнинг аккредитация соҳаси тўғрисидаги маълумотлар базасининг шакллантирилиши ва долзарб ҳолатда сақланишини, шунингдек, тегишли ахборотнинг махфийлигига риоя қилган ҳолда жамоатчиликнинг улардан фойдаланишини таъминлаш.
Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат билан аккредитациядан ўтказишда, инспекция назоратида ва уларнинг натижалари бўйича қарорлар қабул қилишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг Марказ фаолиятига ҳар қандай шаклда аралашиши ва таъсир кўрсатиши тақиқланди.
Аккредитация марказига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
- аккредитация соҳасида идоралараро хусусиятга эга, шу жумладан, хорижда аккредитация ишлари натижалари эътироф этилишини таъминлашга қаратилган халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;
- ISO/IEC 17000 халқаро стандартларига, шунингдек, Аккредитация бўйича Осиё-Тинч океани ҳамкорлиги (АРАС), Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ташкилот (ILAC) ва Аккредитация бўйича халқаро форум (IAF) талаблари ва тавсияларига мувофиқ аккредитация тартиботлари бўйича қоидалар, йўриқномалар ва низомлар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
- тренинглар, семинарлар ўтказиш ва баҳоловчилар, техник экспертлар, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш соҳасида иштирок этувчи мутахассислар малакасини баҳолаш;
- ўз хизмат вазифаларини виждонан ва самарали бажараётган ходимларга ўз маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг икки баравари миқдоригача бўлган миқдорда ҳар ойлик устамалар тўлаш;
- энг яхши амалиётларга мувофиқ вазифаларни сифатли бажариш мақсадида мустақил маслаҳатчилар ва экспертларни, шу жумладан хорижий маслаҳатчилар ва экспертларни шартнома асосида жалб қилиш;
- ушбу қарор талабларига мувофиқ Аккредитация марказининг тузилмасини, ходимларининг штатдаги сони ва иш ҳақи миқдорларини мустақил тасдиқлаш.
2 ой муддатда республика ҳудудида амал қиладиган ISO/IEC 17000 стандартларининг долзарблиги ва жаҳон миқёсида амал қиладиган стандартлар билан бир хиллиги қайта кўриб чиқилади.
3 ой муддатда мувофиқликни баҳолаш органлари ваколатларини баҳолашни уларнинг олдига қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, шу жумладан уларни Марказ томонидан маъқуллаш ва/ёки нотификация қилиш йўли орқали аккредитациядан ўтказиш тартиб-таомиллари ўрнига муқобил ва соддалаштирилган баҳолаш турларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.04.2019 йилдан кучга кирди.
Константин Мосин.