Президентнинг 07.07.2022 йилдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-309-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Энергетика вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг Нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластерини (кейинги ўринларда - Таълим кластери) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Унинг асосий фаолият йўналишлари:
- нефть ва газ соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш;
- таълим ташкилотлари дастурларининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш ва ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш;
- нефть ва газ соҳаси учун ишлаб чиқариш корхоналари эҳтиёжларидан келиб чиқиб, замонавий талаблар асосида халқаро таълим стандартларига мувофиқ мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш;
- ўқувчи ва талабаларни бевосита ишлаб чиқариш амалиётига кенг жалб қилиш;
- етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
- илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш орқали нефть ва газ соҳаси маҳсулотлари ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш.
Таълим кластери фаолиятини бошқариш учун унинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгаш тузилади. У қуйидагилар билан шуғулланади:
- Таълим кластерининг иштирокчилари ўртасида ўзаро алоқаларни таъминлаш;
- Таълим кластери фаолияти ривожланишининг асосий йўналишларини белгилаш, унинг узоқ ва ўрта муддатли стратегик дастурларини тасдиқлаш ҳамда амалга оширилишини назорат қилиб бориш;
- Таълим кластери олдига қўйилган вазифалар ижроси ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати бўйича Таълим кластери иштирокчилари фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг ахборотини эшитиш;
- Таълим кластерининг моддий-техник, ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш;
- Таълим кластери фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш учун жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа маблағларни жалб этиш.
Мактаб ўқувчиларини ишлаб чиқариш корхоналари учун устувор бўлган касбларга йўналтириш мақсадида аниқ ва табиий фанлар бўйича вариатив (ихтисослаштирилган) ўқув режаси ишлаб чиқилади ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятига жорий қилинади. Ишлаб чиқариш ва олий таълим ташкилотлари томонидан мактаб ўқувчилари учун экскурсиялар ҳамда соҳа фахрийлари билан учрашувлар ташкил этиб борилади.
Профессионал ва олий таълим ташкилотларининг ўқув жараёнини ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан интеграция қилиш мақсадида:
- таълим ташкилотларининг ўқув режаларидаги фанлар сони номутахассислик фанлар ҳисобига камайтирилади, талабаларда мустақил таълим олиш кўникмалари шакллантирилади;
- бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича хорижий тилларда ўқитиладиган мутахассислик фанлари улуши оширилади;
- профессионал ва олий таълим ташкилотларининг ўқувчи ҳамда талабаларига ишлаб чиқариш корхоналарининг малакали ва тажрибали ходимлари амалиёт раҳбари этиб бириктирилади ва бошқалар.
Нефть ва газ соҳасида илм-фанни ривожлантириш мақсадида илмий-тадқиқот ташкилотларининг юқори малакали профессор-ўқитувчи ва мутахассислари ишлаб чиқариш корхоналари докторантлари ва мустақил тадқиқотчиларига илмий маслаҳатчи сифатида бириктирилади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Таълим кластери таркибига кирувчи профессионал ва олий таълим ташкилотларида нефть ва газ соҳаси бўйича таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчилар ва талабалар учун ишлаб чиқариш корхоналарининг стипендиялари жорий этилади.
Таълим кластери таркибига кирувчи ишлаб чиқариш корхоналарининг раҳбар кадрлари ва ходимлари Давлат бошқаруви академияси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида малака ошириш курсларидан, шу жумладан онлайн тарзда ўтадилар.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- 2022-2023 йилларда Нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластерини комплекс ривожлантириш бўйича "йўл харитаси";
- Нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластерини 2026 йилга қадар ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.07.2022 йилдан кучга кирди.