Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний маъмурий ҳужжатларидан инвесторлар ва тадбиркорлик субъектларини ҳимояловчи универсал қоидалар жорий этилди. Президентнинг 1.08.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги тегишли Фармони ЎзАда жойлаштирилган.
Амалиётда давлат органлари (мансабдор шахслар) кўпинча бизнесга тааллуқли маъмурий ҳужжатларни[1] қабул қиладилар. Масалан, лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни берадилар, давлат рўйхатидан ўтказадилар ва ҳ.к. Маъмурий ҳужжат у ёки бу сабабга кўра ноқонуний деб топилса, бу бизнеснинг ҳуқуқларига азият етказибгина қолмай, аниқ мулкий зарар кўришга ҳам сабабчи бўлади.
Ишбилармонлик муҳитини янада кафолатлаш мақсадида қуйидаги тартиб жорий этилмоқда:
Биринчидан, 1.08.2018 йилдан инсофли фаолият юритган инвестор ва тадбиркорлик субъектига давлат органи (мансабдор шахс) томонидан уларга нисбатан қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониши сабабли келиб чиққан мулкий зарарнинг ўрни қопланади, агарда ушбу ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб мол-мулкдан фойдаланган, битим тузган ёки тақдим этилган афзаллик ва устунликлардан бошқача тарзда фойдаланган ҳамда мазкур ҳужжат кейинчалик ҳақиқий эмас деб топилган ёки бекор қилинган бўлса.
Масалан, корхона алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олди (уни бериш тартиби ҳақида бу ерда ўқинг). Бироқ уни бериш чоғида ҳокимлик жойни синчиклаб ўрганмади, натижада турғун савдо шохобчасидан яқин орадаги таълим муассасасигача бўлган масофа талаб этиладиган 500 метрдан кам бўлиб чиқди. Гувоҳнома бекор қилинган тақдирда тадбиркорлик субъекти фаолияти тўхтатилганлиги муносабати билан зарар қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Ҳақиқатда бу фақатгина 2019 йил 9 январдан кучга кирадиган «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси (ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи) муддатидан аввал қўлланилишини англатади.
Иккинчидан, шу санадан бошлаб давлат органи (мансабдор шахс)нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агар у инсофли инвестор ва тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, суд тартибида кўриб чиқилади, унинг сақлаб қолиниши жамоат манфаатларига таҳдид солаётган ҳоллар бундан мустасно.
Масалан, юқорида баён этилган вазиятда ҳокимлик рухсат гувоҳномасини мустақил равишда бекор қилишга ҳақли бўлмайди. Бу ҳолда у судга мурожаат қилишига тўғри келади.
Шу тариқа, яна «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг нормалари муддатидан аввал қўлланилиши ҳақида сўз бормоқда. Бунда манфаатдор шахсларнинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда маъмурий ҳужжатларни бекор қилиш тартибини белгиловчи 59-моддасининг бешинчи ва олтинчи қисмлари (маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш ёки ҳақиқий эмас деб топиш) амал қилади.
Учинчидан, бир ой ўтгач (1.09.2018 йилдан) жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.
Ушбу норма билан Фуқаролик кодексининг 15-моддасини қўллаш тартибига аниқлик киритилмоқда. У судга уларнинг айби билан етказилган зарарларни қоплашни мансабдор шахслар зиммасига юклаш ҳуқуқини беради. Шу тариқа, суднинг қарори қарздорда зарур мол-мулк мавжуд эмаслиги сабабли ижро этилмаслиги мумкин. Шу сабабли зарар, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиб, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши белгиланган.
[1] «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, у – маъмурий органнинг оммавий ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиришга, ўзгартиришга ёки тугатишга қаратилган ҳамда айрим жисмоний ёки юридик шахслар учун ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратиладиган шахслар гуруҳи учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи таъсир чораси.