Президентнинг 29.06.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Ҳужжат матни ЎзАда жойлаштирилган.
Оборотдан (ялпи тушумдан) солиқларни оптималлаштириш натижасида умумбелгиланган ва соддалаштирилган солиқ солиш тартиблари, шунингдек солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш мезонлари такомиллаштирилади. Чунончи, 2019 йил 1 январдан бошлаб, шу жумладан янгиликлар оқибатларини юмшатувчи бир қатор чора-тадбирлар қўлланилиши назарда тутилган.
Қандай солиқлар юки ошади
Кўрсатилган санадан бошлаб ўтган йил (яъни 2018 йил) якунлари бўйича йиллик обороти (ялпи тушуми) 1 млрд сўмдан ошган, шунингдек жорий йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади. Бунда 1 млрд сўмлик чегаравий миқдор 3 йилда камида 1 марта қайта кўриб чиқилади.
Бу – муҳим! Обороти 1 млрд сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун оборотдан (ялпи тушумдан) солиқни 4 фоиз миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб тўлаш, шунингдек ҚҚСни ихтиёрий равишда тўлаш имконияти берилади.
Ягона ер солиғини тўловчилар учун солиқ солиш тартиби ўзгармайди. Якка тартибдаги тадбиркорларга рухсат этилган фаолият турлари эса 2 ой давомида қисқартирилади. Айримлар қатъий белгиланган солиқни унутишларига тўғри келади.
Бундан ташқари, барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан обороти (ялпи тушуми) 1 млрд сўмгача бўлганлар юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлайдилар.
Қандай енгилликлар берилади
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси ўзгаради. Деярли барча корхоналар учун (уяли алоқа операторлари бундан мустасно) у 14%дан 12%гача, тижорат банклари учун 22%дан 20%гача пасайтирилади. Уяли алоқа компаниялари учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб қўшимча фойда солиғи бекор қилинган ҳолда фойда солиғи 14%дан 20%гача оширилади. Дивидендлардан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган солиқ эса 10%дан 5%гача пасайтирилади.
2019 йилда қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20% миқдорда сақланиб қолади. Кейинги йил якунлари бўйича солиқни ҳисобга олишни ривожлантириш, солиқ солиш базасини аниқлаштириш ва имтиёзлар сонини камайтириш орқали ставка миқдорини пасайтириш режалаштирилмоқда. Шуниси эътиборга лойиқки, ҳозирги вақтда асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва номоддий активлар қийматига киритиладиган ҚҚСни ҳисобга олиш суммаларига киритиш ҳуқуқи берилади.
Қўшимча фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби, шу жумладан роялти тўлашни жорий этиш орқали такомиллаштирилади.
Шубҳасиз яхши янгилик – давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг оборотидан (ялпи тушумидан) ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинади. Ҳозир улар 3,2%лик ставкада тўланади.
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ 5%дан 2%га пасайтирилади. Бунда уни, шу жумладан самарасиз фойдаланилаётган хусусийлаштирилган объектлардан оширилган (икки баравар – таҳр.) ставкада тўлаш тартиби сақланиб қолади.
Тегишли тадбирларни ўтказиш учун республика бюджетига йўналтириладиган, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирлигига ўрнатилган акциз ва йиғимлар бирлаштирилади.