Вазирлар Маҳкамасининг 27.11.2023 йилдаги «Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш, ушбу соҳада давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги 622-сон қарори қабул қилинди.
Оилавий меҳмон уйи – меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи хусусий уй-жой. Бунда ҳар бир яшовчи шахсга 3 метр квадрат турар жой майдони тўғри келади.
Меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этишда тегишли шарт-шароитлар, хусусан, зарур моддий-техник базасини яратиш, хизмат кўрсатишнинг зарур даражадаги сифатини ва туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш керак.
Меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларнинг фаолияти уларни Туризм қўмитаси томонидан юритиладиган реестрга киритиш йўли билан ташкил этилади.
Шунга ўхшаш фаолиятни ташкил этиш истагини билдирган шахс Давлат хизматлари марказига шахсан ўзи келиб мурожаат қилади ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади. Бунда сўровнома тўлдирилади ва унга тегишли ҳужжатлар илова қилинади.
Туризм қўмитасининг (ваколатли органнинг) ҳудудий бўлинмалари ҳужжатларни улар келиб тушган пайтдан бошлаб 3 иш куни мобайнида кўриб чиқади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом;
- Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳларни Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар ягона реестрига киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.11.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.