Вазирлар Маҳкамасининг 04.09.2023 йилдаги «Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган нақд валюта маблағларини декларациялаш ҳамда божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш қоидалари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 443-сон қарор қабул қилинди.
Эндиликда жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 100 млн сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги миллий нақд валюта ва (ёки) нақд чет эл валютаси йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади (илгари бу миқдор 70 млн сўмни ташкил этган).
Шунингдек эндиликда жисмоний шахслар декларация тўлдириш талаб этиладиган белгиланган эквивалентдан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларини божхона назорати шакллари қўлланилмасдан олдин декларацияламаган ҳолда божхона органлари ходимларига тақдим этганда, божхона органлари ходимлари декларация тўлдириш қоидалари тўғрисида тушунтиришади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.12.2023 йилда кучга киради.
Собир Нурбердиев