Гап бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимлари хусусида бормоқда (рўйхат рақами 3284, 2.11.2020 й.).
Эслатиб ўтамиз, 1 февралдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 7%га оширилган эди. Шу сабабли ўша санадан бошлаб қуйидагиларнинг тасдиқланган маошлари индексация қилинди:
- институт директори;
- директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, институт ва бошқа илмий муассасалар филиалининг директори;
- институтнинг илмий котиби, илмий-тадқиқот лабораторияси (бўлими) мудири;
- филиал ва бошқа илмий муассасалар директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари;
- бош, етакчи, катта ва кичик илмий ходимлар;
- стажер-тадқиқотчи.
Илгаригидек, маошнинг суммаси илмий даража (Doctor of Science, Ph.D.), унвон ва айрим ҳолларда – илмий фаолият тажрибасига эгалигига боғлиқ. Бунда:
а) фан номзоди ёки фалсафа доктори (Ph.D) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига ва профессор илмий унвонига эга бўлган бош илмий ходимларнинг маоши фан доктори ёки фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига ва катта илмий ходим ёки доцент илмий унвонига эга бўлган бош илмий ходимнинг базавий лавозим маоши даражасида белгиланади.
б) илмий-тадқиқот лабораториялари (бўлими) мудирларининг ўринбосарларининг базавий лавозим маоши уларга берилган илмий даражалар ва унвонларга мувофиқ илмий-тадқиқот лабораториялари (бўлими) мудирларининг лавозим маошига нисбатан 5%га камайтирган ҳолда белгиланади.
в) Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида лойиҳалар раҳбарлари лавозимлари ёки шунга ўхшаш лавозимлар назарда тутилган ҳолларда, ушбу лавозимларга илмий-тадқиқот бўлимлари мудирларининг базавий лавозим маошлари белгиланади.
Янги рақамлар билан (2020 йил 1 февралдан бошлаб) лавозимлар кесимида бу ерда танишиш мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 2.11.2020 йилда эълон қилинган.
Олег Заманов.