Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ходим хориждаги хизмат сафарида касал бўлса Европа Иттифоқи мамлакатларига юк ташувчилар учун ҳаракатланиш тартибида нималар ўзгаради Автомобилни жисмоний шахсга сотишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади Тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қандай қўллаш керак Тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қандай қўллаш керак

Олий таълим муассасалари учун давлат буюртмаси белгиланди

24.06.2019

Рус тилида ўқиш

Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш мақсадида 2019/2020 ўқув йилидан давлат буюртмаси ва табақалаштирилган тўлов-контракт тизими жорий этилади (17.06.2019 йилдаги ПҚ–4359-сон қарорга қаранг).

 

Давлат буюртмаси иқтисодиётнинг олий маълумотли мутахассисларга бўлган базавий эҳтиёжини акс эттиради ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади. Олий таълим муассасалари мавжуд қувватлари, моддий-техник базаси ҳамда профессор-ўқитувчилари таркибидан келиб чиқиб, давлат буюртмасига қўшимча равишда қабул қилинадиганларнинг сонини ва уларни ўқитиш ҳақини ўзлари белгилайдилар. 

 

2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари

 (таълим йўналишлари кесимида қаранг)

 

 Бакалавриат

Таълим шакли:

Сони:

кундузги

80 430

сиртқи

19 985

кечки

1 985

Магистратура

кундузги

7 695

 

Соғлиқни сақлаш, маданият ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун давлат буюртмаси доирасида мақсадли қабул параметрлари тасдиқланди. 2 ҳафта муддатда халқ таълими соҳаси учун ҳам худди шундай параметрлар тасдиқланади. Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлганлар учун эса бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича алоҳида 5 фоизли қабул кўрсаткичлари белгиланди.

 

Ҳужжатда белгиланишича:

  • ногиронлиги бўлган шахслар давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларининг умумий сонига нисбатан қўшимча 2 фоизли давлат гранти асосида ажратиладиган қабул параметрлари бўйича кундузги, сиртқи ёки кечки таълим шаклларидан бирида таълим олиш ҳуқуқига эга бўлади;
  • тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлашлари мумкин;
  • давлат буюртмаси параметрлари доирасида сиртқи ва кечки таълим шаклида контракт қиймати тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги ўқитиш шакли учун белгиланган тўлов-контракт қийматидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади;
  • абитуриентлар қабул бўйича белгиланган турдош бакалавриат таълим йўналишлари негизидаги магистратура мутахассисликларидан ташқари бошқа магистратура мутахассисликлари бўйича ҳам танловда иштирок этишлари мумкин;
  • олий таълим муассасалари ректорлари (филиаллар директорлари) чет эл фуқаролари учун ўқитиш қийматини тегишли бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган базавий тўлов-контракт миқдоридан кам бўлмаган миқдорда белгилашга ҳақли.

 

Олий таълим муассасалари вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитишни ташкил этишлари мумкин. Бунда тегишли иш берувчиларнинг тавсияси асосида камида 5 йил иш стажига эга бўлган ходимлар кейинчалик ушбу тизимда 5 йил ишлаб бериш шарти билан бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат натижаларига асосан ўқишга қабул қилинади.

 

2019/2020 ўқув йилида таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

  • янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини киритиш учун давлат буюртмаси параметрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
  • иктисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг, шу жумладан республиканинг олис ва бориш қийин бўлган туманларининг мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш учун бакалавриат ва магистратурага тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул параметрларини белгилаш;
  • олий таълим муассасаларининг нуфузи ва ҳудудий жойлашувини ҳисобга олган ҳолда базавий тўлов-контракт қийматидан келиб чиқиб табақалаштирилган тўлов-контракт минимал миқдорининг ягона кўрсаткичларини таълим соҳалари ва республика ҳудудлари бўйича белгилаш;
  • суҳбат натижаларига асосан ўқишга қабул қилинадиган абитуриентларга тавсия бериш ваколатига эга бўлган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхатини тасдиқлаш.

 

2019/2020 ўқув йилида давлат грантлари асосида бакалавриат ва магистратурага ўқишга қабул қилинган шахсларни ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Табақалаштирилган тўлов-контракт миқдори олий таълим муассасасининг салоҳияти ва ҳудудий жойлашуви, шунингдек абитуриентларнинг олий таълимга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда Давлат комиссияси томонидан белгиланган минимал бараваридан кам бўлмаган миқдорда улар томонидан мустақил равишда белгиланади. Бундай контрактлар бўйича қабул кириш синовлари натижасига кўра олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси параметрлари доирасида ўқишга тавсия этилмаган абитуриентларнинг аризаларига мувофиқ уларнинг тўплаган баллари қатъий кетма-кетлигига риоя этган ҳолда амалга оширилади.

 

Бир ой муддатда қуйидагилар ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади:

  • иқтисодиёт тармоқларида камида 5 йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра ўқишга қабул қилиш тартиби ҳамда тавсия этиш ҳуқуқига эга бўлган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхати;
  • стипендияларни тайинлашнинг амалдаги механизмларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар;
  • (давлат буюртмаси параметрларидан ташқари) қўшимча қабул параметрларини белгилаш тартиби.

 

2020 йил 1 январга қадар вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмаларининг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини автоматлаштирилган тарзда йиғиш ва қайта ишлаш орқали меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни аниқлаш ҳамда уларнинг ҳаракатини кузатиб боришни ўз ичига олувчи ягона интеграциялашган ахборот тизими яратилади.

 

Константин Мосин.