Вазирлар Маҳкамасининг 03.10.2022 йилдаги 559-сон қарори билан Олий таълим ташкилотларида масофавий таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда масофавий таълим шакли орқали олий таълим ташкилотларида бакалавриат ва магистратура босқичларида кадрларни тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш тартиби назарда тутилган. Бунинг учун таълим ташкилотида қуйидагилар бўлиши керак:
- масофавий таълимни бошқариш бўйича «Learning Management System» платформаси;
- интернетга уланиш ва ундан фойдаланиш учун ахборот-коммуникация инфратузилмаси;
- ўқув йили учун мўлжалланган ўқув контенти;
- ўқув контентини қамраб оладиган электрон ўқув-методик мажмуалар, шунингдек илмий ва ўқув адабиётларининг электрон базаси;
- компьютер техникаси билан жиҳозланган алоҳида бино ёки аудиториялар;
- техник ва дастурий компонентлар ишлашини таъминлайдиган муҳандис-техник ходимлар;
- таълим ташкилотига тегишли бўлган, мамлакат ҳудудида жойлашган сервер қурилмаси;
- таълим ташкилоти тўғрисидаги барча ахборот жойлаштирилган расмий веб-саҳифа.
Масофавий таълим шаклини жорий этиш мумкин бўлмаган бакалавриат ва магистратура йўналишлари ҳар йили 1 апрелга қадар эълон қилинади.
Масофавий таълим шакли асосида кадрлар тайёрлашда бир бакалавриат таълим йўналишига қабул параметрлари 300 нафар талабадан, бир магистратура мутахассислигига 30 нафар талабадан ортиқ бўлмаслиги лозим. Мазкур талаб ахборот-коммуникация технологиялари йўналишларига нисбатан татбиқ этилмайди, бундан ташқари талабалар сонини аниқлашда хорижий давлат фуқароси бўлган талабалар ҳисобга олинмайди.
Масофавий таълим шаклида ўқишга қабул қилинган талаба қуйидаги ҳолларда олий таълим ташкилотига шахсан ташриф буюриши шарт:
- ўқув жараёни бошланишидан аввал – LMS платформасида рўйхатдан ўтиш учун;
- ҳар семестр якунида – якуний назорат топшириш учун.
Якуний давлат аттестацияси, битирув малакавий ва магистрлик иши ҳимояси бевосита олий таълим ташкилотида анъанавий тарзда амалга оширилади, уларни синхрон ёки асинхрон режимда қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Масофавий таълим шакли тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида эълон қилинган ва 04.10.2022 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.