Вазирлар Маҳкамасининг 6.11.2020 йилдаги «Олтин давр» халқаро мусиқа ярмаркасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 692-сон қарори қабул қилинди.
«Олтин давр» халқаро мусиқа ярмаркаси 2021 йилдан бошлаб мамлакатимизда ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳамда келгусида ташкил этиладиган бошқа мусиқа анжуманлари ва фестиваллари доирасида ўтказилади. Ярмаркани ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.
Маданият вазирлигига Ярмаркани ташкил этиш ва ўтказиш доирасида қуйидаги вазифалар топширилди:
- ташкилотчи сифатида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда барча ташкилий ва ижодий ишларни мувофиқлаштириб бориш;
- ярмаркада қатнашиш истагини билдирган иштирокчилар, хориждан таклиф этиладиган мутахассислар, санъаткорлар ва санъатшуносларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда уларни ярмаркага жалб этиш;
- ярмаркани замонавий технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда юқори бадиий савияда ўтказиш чора-тадбирларини амалга ошириш.
Қарор билан Халқаро мусиқа ярмаркасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унда таъкидланишича, ярмарка Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва соҳа бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзбек миллий мусиқа санъатининг ноёб дурдоналарини дунё миқёсида янада кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилади.
Низомда ярмаркани молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Таклиф этилганлардан фарқли ўлароқ, хорижий иштирокчилар келиб-кетиш, овқатланиш ва яшаш харажатларини ўзлари қоплайдилар. Маҳаллий иштирокчиларнинг харажатлари ташкилотчи томонидан қопланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.11.2020 йилдан кучга кирди.
Мирёқуб Хайдаров.