Президент «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонунни (15.11.2024 й. ЎРҚ-1002-сон) имзолади.
Олий Мажлиснинг
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) – давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширувчи мансабдор шахс.
Қонун билан қуйидагилар белгиланган:
- Омбудсман фаолиятининг асосий тамойиллари;
- Омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар;
- сайлаш тартиби;
- Омбудсманнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолият кафолатлари;
- Омбудсман томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби.
Омбудсманнинг асосий вазифалари:
- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;
- ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш;
- инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг амалиётда татбиқ этилишини ўрганиш ва уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
- махсус муассасаларда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш;
- аҳоли ўртасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги халқаро ва миллий қонун ҳужжатлари нормаларини тарғиб қилиш;
- инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.11.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова