Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Оммавий ва профессионал футбол қандай ривожлантирилади

11.04.2023

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 07.04.2023 йилдаги ПҚ-115-сон қарори билан оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари белгиланди.

 

Футболнинг оммавийлигини янада ошириш, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ҳамда профессионал даражада тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш мақсадида қуйидагилар футболни оммалаштириш ва ривожлантиришнинг қўшимча йўналишлари этиб белгиланди:

  • ҳар йили маҳалла ёшлари ўртасида “Оммавий футбол” (Grassroots) фестиваль ва мусобақалари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида – “Мактабларда футбол”, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида – “Талабалар лигаси” республика мусобақаларини ўтказиш;
  • аёллар ўртасида футболни ривожлантириш, бу борада узоқ йилларга мўлжалланган истиқболли режа ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг футбол билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
  • терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини яратиш, иқтидорли футболчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг рақамлаштирилган тизимини жорий қилиш.

 

Ҳар йили Ўзбекистон футбол ассоциацияси маблағлари ҳисобидан:

  • март-июнь ойларида маҳалла ёшлари ҳамда қизлари ўртасида “Оммавий футбол” дастури доирасида футбол фестиваллари;
  • 10 декабрь - Бутунжаҳон футбол куни муносабати билан аҳоли ўртасида оммавий “флешмоб” тадбирлари;
  • сентябрь-май ойларида умумий ўрта таълим мактабларида “Мактабларда футбол” дастури доирасида футбол мусобақалари, маҳорат сабоқлари ва фестиваллари ўтказиб борилади.

 

Футбол бўйича ҳудудий ва миллий терма жамоалар ҳамда профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини яратиш мақсадида футбол маҳорат мактаблари Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимидан чиқарилиб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасарруфига ўтказилади.

 

2026 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази, профессионал футбол клублари ва академиялари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва технологиялари, инвентарларини олиб кирганлик учун божхона божини тўлашдан озод қилинади.

 

Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг манбалари этиб белгиланди:

  • Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
  • "Ўзметкомбинат" АЖ, "Олмалиқ КМК" АЖ, "Навоий КМК" АЖ ва "Ўзбекнефтгаз" АЖларнинг ҳомийлик маблағлари;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
  • Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
  • халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасарруфидаги спорт-таълим муассасалари ва иншоотларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашнинг манзилли рўйхати;
  • Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги футбол мактаблари рўйхати;
  • Профессионал футбол клублари ҳузуридаги фаолияти мақбуллаштирилаётган футбол мактаблари рўйхати.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.04.2023 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.