Вазирлар Маҳкамасининг 18.01.2022 йилдаги “Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» - ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 31-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган (Президентнинг 2020 йил 6 октябрдаги ПҚ-4850-сон қарори).
Қуйидагилар тасдиқланди:
- 2022-2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» - ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ҳажмлари;
- 2022-2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» барпо этиш учун чўл ўсимликлари уруғларини тайёрлаш ҳажмлари.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимликларига Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида ўрмонзорлар барпо этиладиган майдонларни хатловдан ўтказиш топширилди.
Бунда ҳар йили 10 декабрга қадар «яшил қопламалар» барпо этиладиган майдонлар илмий жиҳатдан асосланган таклифларга мувофиқ ҳудудлар бўйича аниқланади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси «яшил қопламалар» ўз муддатида барпо этилиши бўйича доимий мониторинг юритади. Орол денгизининг қуриган тубидаги тупроқ таркибини инобатга олиб чўл ва шўр тупроққа мослашган ўсимлик турлари, шу жумладан, қумли ерларда черкез ҳамда шўр ҳудудларда тамарикс ва атриплекс (лебеда) ўсимликлари экилади.
Қуйидагилар «яшил қопламалар» барпо этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:
- Қорақалпоғистон республика бюджетининг, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари маҳаллий бюджетларининг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобига ажратиладиган маблағлар;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.01.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.