Йиллик 2% ставкада, шу жумладан 5 йил имтиёзли даврга 25 йилда қоплаш муддати билан кредит расмийлаштирилди (11.09.2019 йилдаги 761-сон ВМҚга қаранг).
«Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Тошкент, Андижон, Самарқанд вилоятларида янги мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш ва сақлаш, ушбу маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича агрологистика комплексларини қуриш назарда тутилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги буюртмачи, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Агрокомплексларни бошқариш ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади. Лойиҳа-смета ҳужжатларини Франциянинг «Ранжис-Самарис» компанияси тайёрлайди. Агрокомплексларни фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартлари асосида қуриш учун консалтинг ва пудрат ташкилотлари халқаро танлов савдолари якунлари бўйича танланади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 244,75 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил этади. Улардан 197 млн АҚШ доллари Осиё тараққиёт банкининг қарзи ҳисобланади, у билан давлатимиз 2019 йил 4 майда қарз битимини имзолаган. Ўзбекистоннинг улуши солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш (эквивалентда 39,15 млн АҚШ доллари) ва инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклида (эквивалентда 8,6 млн АҚШ доллари) 47,75 млн АҚШ долларини ташкил этади.
2019–2023 йилларда лойиҳани амалга ошириш даврида фоизлар учта вилоятнинг маҳаллий бюджетлари ҳисобидан тўланади ва кейинчалик улар ихтисослаштирилган ташкилот томонидан тўлиқ қопланади. Лойиҳа якунлангандан сўнг (2024 йилдан бошлаб) қарзни қоплаш ва фоизларни тўлаш ихтисослаштирилган ташкилот зиммасига юкланади. Ушбу мақсадлар учун агрокомплексларни тадбиркорлик субъектларига сотишдан тушадиган маблағларни йўналтиришга рухсат берилган.
ОТБнинг қарзи ҳисобидан харид қилинадиган товарлар, ишлар, хизматлар ва транспорт воситалари божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ҳамда ҚҚСдан, лойиҳада иштирок этадиган жисмоний шахслар-норезидентлар ЖШДСдан озод этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.09.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.