Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари бозоридаги тенденцияни инобатга олган ҳолда, мамлакатимиз раҳбарияти маҳаллий агросектор ресурсларини энг юқори даражада жалб қилиш, озиқ-овқат экинларини 2 баравар ошириш, юқори ҳосил олиш, янги иш ўринлари яратишни кўзлаган (1.05.2020 йилдаги ПҚ-4700-сон қарорга қаранг).
Бунга жорий этилаётган механизм ёрдам беради. Фойдаланишдан чиқиб кетган ва ер ости сувлари захираси мавжуд бўлган ерлар фойдаланишга киритиш, уларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун аҳолига имтиёзли шартлар асосида ажратиб берилади.
У бундай амалга оширилади. Давлат геология қўмитаси “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ва Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 10 майга қадар мамлакатимиз худудларида (Тошкентдан ташқари) экинларни суғориш учун яроқли сув чиқариш имконияти ҳақида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига хулоса тақдим этади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ва маҳаллий ҳокимиятлар билан биргаликда табиий-тупроқ ҳамда иқлим шароитидан келиб чиқиб фойдаланишга киритиладиган ерларга экин турларини жойлаштириш бўйича илмий асосланган тавсия беради.
Туман ҳокимликлари фойдаланишга киритиладиган ер майдонларини контурлар кесимида ҳисоб-китоб қилади ҳамда лойиҳаларни шакллантириб, келишиш учун Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига киритади, улар эса 3 кун ичида кўриб чиққан ҳолда умумлаштириб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади. У ерда ҳужжатлар 5 кун ичида ўрганиб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибиятига хулоса киритилади. Кейинги 5 кунда Бош вазирнинг соҳа бўйича ўринбосари уларни ўрганиш асосида ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун зарур маблағларни Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан туманлар кесимида тақсимлайди. Шу асосда Молия вазирлиги 5 кун муддатда туманлар бюджетларига маблағларни ажратади.
Шундан кейин туман ҳокимликлари қудуқ қазиш, суғориш тармоқларини тиклаш орқали ер майдонларини сув билан таъминлаш, электр энергиясини тортиш, сув тежовчи технологияларни жорий этишнинг техник ва молиявий кўрсаткичларини белгилайди. Ушбу ишларни амалга ошириш учун пудратчилар идоралараро комиссия томонидан танлов асосида аниқланади. Ҳокимликлар фойдаланишга киритилган ер майдонларини қуйидаги усуллардан бири асосида тасарруф қилади:
- деҳқончилик соҳасида билим ва кўникмага эга бўлган, биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга 1 гектаргача деҳқон хўжалигини юритиш учун, истисно тариқасида, 10 йилгача муддатга ижарага беради;
- тажриба-синов тариқасида маҳаллий тадбиркорлик субъектларига барча харажатларни олдиндан тўлаш шарти билан 5 гектаргача бўлган ер майдонларини 10 йилгача муддатга ижара ҳукуқини электрон аукцион асосида («Е-IJRO AUKSION») сотади.
Ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарори тузилган ижара шартномасига асосан қабул қилинади. Сув тежовчи технологияларни қўллаш – мажбурий. Устувор равишда сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва мойли экинлар экилади, боғ ва токзорлар барпо этилади. Белгиланган экин турларини экиб, иш ўринларини яратган, ижара харажатларини ўз вақтида қоплаган бизнес-субъектларига ердан фойдаланиш муддатини узайтиришда устуворлик ҳуқуқи берилади.
Эътибор беринг:
- таърифланган тартибда ижарага бериладиган ер майдонларида енгил конструкциядаги дала шийпон ва суғориш иншоотларини жойлаштириш мумкин. Бошқа турдаги, шу жумладан турар жой, бино ва иншоотлар қуриш қатъиян ман этилади.
- ижарачиларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун кредитлар ажратилади. Фоиз ставкасининг МБнинг асосий ставкасидан ошадиган қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
- янги тартиб асосида фойдаланишга киритилган ер майдонлари мақбуллаштирилмайди, уларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчининг розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейингина йўл қўйилади.
- қишлоқ хўжалиги кооперацияларида иштирок этадиган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар тоифасига кирувчи ҳар бир оила парранда боққан даври (40 кун) учун Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча 500 минг сўмдан рағбатлантирилади.
Эслатиб ўтамиз, соҳада бир қатор солиқ имтиёзлари амал қилади (СКнинг 337-м, 1-қ 3-б., 414-м. 1-қ. 2-б., 428-м., 2-қ. 8, 9, 11-хатбошиларига, 19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон Фармоннинг 5-б. “в” кичик бандига қаранг). Бундан ташқари, 2020 йилда ажратилиши режалаштирилган 30 трлн сўмлик револьвер кредитларнинг 2 трлн сўми мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи корхоналарга ва ишлаб чиқарувчиларга ажратилади. Томорқа ер эгалари ва хўжалик юритувчи субъектларга экспорт контрактлари бўйича келгуси тушумлардан келиб чиққан ҳолда агромаҳсулотлар ишлаб чиқариш учун бўнак, қайта ишловчилар ва экспорт қилувчиларга эса – уни харид қилиш учун қисқа муддатли кредитлар берилади. Қайта ишловчилар ва экспорт қилувчилар мева-сабзовотлар экспорти билан камида 2 йил шуғулланишлари ва яхши кредит тарихига эга бўлишлари керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2.05.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.