Президентнинг 15.09.2020 йилдаги “Пахта ҳосили теримини механизациялашни молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4828-сон қарори қабул қилинди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда жорий йил мавсумида пахта ҳосили теримини механизациялашган усулда ташкил қилиш бўйича пахта териш машиналарига бўлган буюртмалар портфели шакллантирилган.
Қабул қилинган ҳужжатга биноан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан эквиваленти $50 млн миқдорида «Агробанк» АТБнинг устав капиталидаги Жамғарма улуши оширилмоқда. Мазкур мақсадли маблағлар пахта-тўқимачилик кластерларига ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга маҳаллий ишлаб чиқарилган пахта териш машиналарини сотиб олишга МБнинг асосий ставкасида кредитлар ажратиш учун йўналтирилади.
Қуйидагиларга топшириқлар берилди:
- Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимларига - 3 кун муддатда ҳудудлардаги пахта териш машиналарига талабгорларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш;
- қишлоқ хўжалиги вазирига - пахта териш машиналарига талабгорларни танлашга кўмаклашиш ҳамда пахта ҳосили теримини механизациялаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
- «Агробанк» АТБ бошқаруви раисига - пахта-тўқимачилик кластерларига ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга кредит ҳужжатларини сифатли тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатиш ва кредитларни бюрократиясиз ажратишни таъминлаш;
- «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раисига - пахта териш техникаларининг ўз вақтида ишлаб чиқарилишини ва талабгорларга етказиб берилишини таъминлаш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.09.2020 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.