Президент томонидан 05.06.2024 йилдаги “Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига (Женева, 1999 йил 2 июль) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги ЎРҚ-929-сон Қонун имзоланди.
Гаага битимининг Женева акти ўз маҳсулотларини, энг аввало хорижий бозорларда тарғиб қилишдан манфаатдор бўлган субъектларга саноат намуналарини рўйхатдан ўтказишнинг миллий тизимларга нисбатан анча қулай тартиб-таомилларидан фойдаланиш имконини беради.
Хусусан, миллий ишлаб чиқувчилар битта аризани Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотига (БИМТ) беришлари мумкин, у барча тартиб-таомилларни бажаришни ва ҳужжатларни юборишни ўз зиммасига олади.
Қонуннинг қабул қилиниши миллий ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулкини ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек янги маҳсулот яратишда уларнинг жавобгарлигини ошириш ва ишлаб чиқаришда патентланган объектлардан фойдаланишга йўл қўймасликка кўмаклашади.
Бундан ташқари, ушбу ҳалқаро ҳужжатга қўшилиш мамлакатимизнинг Бутунжаҳон савдо ташкилотига кириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 06.06.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова