Пиротехника буюмларидан фойдаланиш жойини, вақтини ва шарт-шароитларини олдиндан келишиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди (9.04.2020 йилдаги 206-сон ВМҚга қаранг).
Энг аввало, пиротехникани энди фақат вояга етганларга, яъни 18 ёшга тўлган шахсларга сотиш мумкин. Илгари ёшга доир чеклов 16 ёшни ташкил этган.
Пиротехника буюмларидан тунги вақтда (соат 23:00 дан 06:00 гача), таълим, тиббиёт муассасалари ва маданий мерос объектлари, портлаш ва ёнғинга хавфли объектлар ҳудудида, темир йўллар, нефть ва газ қувурларининг ҳамда юқори вольтли электр узатувчи линияларнинг ажратилган ҳудудида, миллий боғлар, ўрмон ва овчилик хўжаликлари, бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда, шунингдек, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар давомида фойдаланиш тақиқланди.
Техник ва махсус мақсаддаги пиротехника буюмларидан (хавфлиликнинг III-V класслари) фойдаланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар учун қўшимча лицензия талаби - фойдаланишга мўлжалланган жойни, вақтни ва шарт-шароитларни олдиндан келишиш зарур.
Бу – муҳим! Маиший мақсаддаги (хавфлиликнинг I-II класслари) пиротехника буюмларига бу талаб дахл қилмайди. Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ оммавий тадбирларни ўтказиш жараёнида олдиндан келишиш талаб этилмайди. Маиший, техник ва махсус мақсаддаги пиротехника буюмларидан (хавфлиликнинг I-V класслари) оммавий тадбирларда фойдаланиш амалдаги қоидалар асосида берилган рухсатнома бўйича дастур доирасида амалга оширилади.
Олдиндан келишишни олиш учун пиротехникадан фойдаланиш санасидан 20 иш куни олдин туман (шаҳар) ички ишлар бўлинмасига 2 нусхада белгиланган шаклда ариза тақдим этади, унга қуйидагилар илова қилинади:
- юридик шахснинг пиротехника буюмидан фойдаланишга жалб этилган ходимлари Тошкент давлат техника университетининг малака ошириш курсларида "Пиротехника буюмларини хавфсиз қўллаш" йўналиши бўйича махсус тайёргарликдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари;
- отиш майдончаси жойлашган жой ва хавфли ҳудуд доираси кўрсатилган ҳолда объектга туташ ҳудуднинг харитаси, шунингдек, фуқаролар ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича асосий тадбирлар рўйхати илова қилинган пиротехника буюмларидан фойдаланиш дастури.
Ҳужжатларни бевосита, почта орқали ёки электрон шаклда (ЭРИ билан тасдиқлаган ҳолда), улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этиш мумкин. Аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
Қарор олинган кундан бошлаб 15 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади. Шу вақт мобайнида туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлими текширув ва баҳолаш тадбирларини амалга оширади ва ўз хулосасини беради, ваколатли органлар аризачида пиротехника буюмларидан фойдаланиш учун мавжуд шарт-шароитларни ҳамда хавфсизликни таъминлаш юзасидан кўрилган чораларни жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқиш ва баҳолашни амалга оширади. Шундан кейин ҳужжатлар ИИВнинг марказий аппарати орқали Вазирлар Маҳкамасига юборилади, у ерда якуний қарор қабул қилинади ва “қуйига туширилади”.
Олдиндан келишишни қуйидаги сабабларга кўра рад этишлари мумкин:
- ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги ёхуд тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;
- ўтказилган ўрганишларнинг якунлари бўйича асослантирилган салбий хулоса олинганлиги.
Олдиндан келишиш тўғрисидаги маълумотлар уни бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда киритилади. Барча қайдларга сана қўйилади ҳамда улар ТИИБ (ШИИБ) масъул шахсининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади. Реестр қоғозда ва электрон манбаларда юритилади, ёзувлар ўртасида номувофиқлик мавжуд бўлган тақдирда қоғоз манбалардаги ёзувлар устувор аҳамиятга эга бўлади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.04.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.