Президентнинг 25.08.2017 йилдаги ПҚ-3243-сон “Ўзбекистон давлат консерваторияси моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди. Ҳужжат давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввал биз Ўзбекистон давлат консерваториясига пойтахтдаги иккита бино, жумладан “Тошкент” РФБ биноси, шунингдек Бўстонлиқ туманидаги санаторий ўтказилиши ҳақида ёзгандик.
Ўзбекистон давлат консерваториясига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 10-уй манзили бўйича жойлашган бино ва иншоотлар (бундан “Фонд бозори ахборот-ресурс маркази” ДУК эгаллаган бинолар мустасно) ўтказилади. У ерда жаҳон стандартларига мос келадиган замонавий концерт зали қурилади.
«Тошкент» республика фонд биржаси» АЖга бунинг эвазига ёндош ҳудудга эга бўлган бино (Тошкент шаҳри, Мустақиллик шоҳкўчаси, 107-уй) мулкка берилди, унинг чап қанотини 1-қавати ертўла қисми билан бирга Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази оператив бошқарувга олади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.