Тошкент шаҳри ҳокимининг 2015 йил 11 декабрдаги 1088-сон Қарори билан мулкчилик шаклидан қатъи назар Тошкент шаҳридаги турар жой объектларида рўйхатга олинган шахсларни қайд этувчи «уй дафтари» жорий этилди.
Шундан келиб чиқиб, Ички ишлар бош бошқармасига «уй дафтари»ни юритиш қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.
Шунингдек Ички ишлар бош бошқармаси ва туман ҳокимликларига барча квартиралар ҳамда якка тартибдаги уйларни «уй дафтари» билан таъминлаш чораларини кўриш топширилган.
Бундан ташқари, туман ҳокимликлари «Маҳалла» хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда кўп квартирали уйларнинг квартиралари бўйича ва якка тартибдаги уйларнинг кўчалари бўйича журналларни янгилаши ҳамда уларни «уй дафтарлари» асосида юритиши лозим.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.