Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2020 йилдаги 566-сон қарори билан 2020-2022 йилларда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг, хусусан хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш Дастурнинг асосий устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Дастурга асосан туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадларида 204 та лойиҳани амалга ошириш, шу жумладан қуйидагиларни ривожлантириш бўйича:
- саноат – 31 та;
- хизмат кўрсатиш соҳаси – 19 та;
- муҳандислик-коммуникация тармоқлари – 96 та;
- ижтимоий соҳа объектлари – 23 та лойиҳани амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Қарор билан:
- 2020-2022 йилларда Яшнобод туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари;
- Яшнобод туманида саноат, хизматлар, сервис ва савдо соҳаларида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати;
- қуйидагилар:
- муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини жадал ривожлантириш, ҳамда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга замин яратувчи комплекс тадбирлар;
- ижтимоий соҳа объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, хизматлар сифати ҳамда қамровини кескин ошириш бўйича комплекс тадбирлар;
- маҳалла фуқаролар йиғинлари ва туман ободонлаштириш бошқармаси биноларини таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс тадбирлар;
- кўп қаватли уй-жойлар мажмуасини барпо этиш бўйича амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.09.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.