Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда замонавий йўл инфратузилмасини ташкил этиш соҳасига давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий этилмоқда (ВМнинг 5.12.2018 йилдаги 990-сон қарорига қаранг).
Инвесторлар ва тадбиркорлик субъектларига қуйидагилар берилади:
- пуллик магистрал йўллар қуриш бўйича инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда йўл ва ер участкалари;
- йўл ҳаракати мониторинги ва шахс юзини ва транспорт воситасининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақамини аниқлашнинг интеллектуал видеокамералари интеграциялашган тизимларини жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш учун йўл участкалари – 10 йилгача бўлган муддатга. ИИВ томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича битим тузилади;
- автомобиль йўллари бўйлаб тўлов автоматлари ўрнатилган пуллик автомобиль тўхташ жойларига ва автомототранспорт воситалари жойлаштирилганлиги учун ҳақ тўлаш қоидалари бузилганлигини қайд этадиган ахборот тизимларига эга бўлган пуллик тўхташ жойлари ташкил этиш учун йўл участкалари – 10 йилгача бўлган муддатга. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича битим тузилади;
- ҳокимиятлар тасарруфида бўлган, ш.ж. бозорлар ва савдо комплексларига туташ ҳудудларда жойлашган автомобиль сақлаш жойларини уларнинг негизида автомототранспорт воситалари жойлаштирилганлиги учун ҳақ тўлаш қоидалари бузилганлигини қайд этадиган ахборот тизимларига эга бўлган замонавий пуллик автомобиль сақлаш жойлари ташкил этиш учун – 10 йилгача бўлган муддатга. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича битим тузилади;
- йўл бўйи инфратузилма объектлари, ш.ж. кемпинглар, мотеллар, ҳайдовчи ва йўловчилар дам оладиган, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиладиган ва таъмирланадиган бошқа жойларни, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва бошқаларни қуриш учун инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўллари бўйидаги ҳудудларни ободонлаштириш мажбуриятлари олинган ҳолда ер участкалари – 10 йилгача бўлган муддатга. Автомобиль йўллари давлат қўмитаси томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича битим тузилади.
Йўл ҳаракати мониторинги ва интеллектуал видеокамераларнинг интеграциялашган тизимларини жорий этиш учун бериладиган йўл участкалари ИИВ томонидан белгиланади. Бунда технологиялар «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплексга интеграция қилиниши ва «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига уланган бўлиши, шунингдек ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари ҳақидаги видеомаълумотлар ва бошқа маълумотлар онлайн режимида узатилишини таъминлаши керак.
Хусусий шерикка пуллик автомобиль тўхташ жойлари ва пуллик автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланишдан тушадиган маблағларнинг камида 70%и, шунингдек ўрнатилган интеллектуал видеокамералар ёрдамида аниқланган ЙҲҚ бузилганлиги учун жарималар суммасининг 30%дан ортиқ бўлмаган қисми ўтказилади. Фоиз миқдори ҳар бир аниқ ҳолатда танлов комиссиясининг қарори билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланади.
Давлат-хусусий шериклик битимининг амал қилиш муддати тамом бўлгандан кейин йўл ҳаракати мониторинги ва интеллектуал видеокамераларнинг ўрнатилган интеграциялашган тизимлари ИИВга берилади, уларга келгусида хусусий шерик томонидан шартнома асосида техник кўмак бериш таъминланади. Қуриб битказилган йўл бўйи инфратузилма объектлари эса тадбиркорлик субъекти мулкига айланади.
! Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш доирасида инвесторлар 2022 йил 1 январгача бўлган муддатда қуйидагиларни тўлашдан озод қилинади:
- белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, дастурий таъминлаш, қурилиш материаллари ва бошқа материаллар учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
- норезидентлар томонидан бажариладиган ишлар (хизматлар) учун қўшилган қиймат солиғи.
Уч ой муддатда «Пуллик автомобиль йўллари тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. 2019 йил 1 ингача бўлган муддатда мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич пуллик магистрал йўлларни жорий этиш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳақидаги таклифлар тайёрланиши керак, 2020 йил 1 январдан бошлаб эса уларни жорий этиш ишлари бошланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.12.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.