Президентнинг 25.08.2022 йилдаги “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-361-сон қарори қабул қилинди.
ЮНЕСКО Бош конференцияси қарори билан Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш ЮНЕСКОнинг 2022-2023 йилларда нишонланадиган халқаро юбилейлар рўйхатига киритилди.
Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди, у қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади:
- республикамиздаги Абу Райҳон Беруний номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни, шу жумладан, Абу Райҳон Беруний шарафига ўрнатилган ёдгорлик мажмуаларини мукаммал таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш, “Буюк Беруний мероси” халқаро сайёҳлик маршрутларини йўлга қўйиш;
- Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида 2023 йил якунига қадар Абу Райҳон Беруний мажмуасини қуриш ва унинг ҳудудида илмий-маърифий, маданий ва дам олиш ҳамда туризм объектлари фаолиятини ташкил қилиш;
- аллома илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли сақлаш учун зарур шароит яратиш;
- Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими ва Хоразм Маъмун академиясининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
- Абу Райҳон Беруний меросини ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда кенг кўламли илмий изланишлар олиб бориш;
- юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий ОАВда эфирга бериб бориш, интернет ва ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва бошқалар.
Шунингдек, Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини дунё миқёсида чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган шахсларни ҳамда илмий-ижодий муассасаларни тақдирлаш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш режалаштирилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва фаолияти, унинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциялар ҳамда илмий-маърифий тадбирлар ташкил қилинади.
Пойтахтда Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган халқаро анжуманни ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.08.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.