Президентнинг 24.08.2017 йилдаги ПҚ-3241-сон "Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида"ги қарори имзоланди. Ҳужжат давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мурожаатини инобатга олиб, жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 1 сентябрь жума кунига тўғри келади ҳамда мамлакатимизда ушбу кун байрам сифатида кенг нишонланади.
Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идоралар, жамоат ташкилотларига Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга ошириш топширилди.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритади.