11.08.2021 йилдаги «Расмий статистика тўғрисида»ги ЎРҚ-707-сон Қонуннинг амал қилиши расмий статистикани тайёрловчиларга ва ундан фойдаланувчиларга, респондентларга ҳамда маъмурий маълумотларни етказиб берувчиларга, шунингдек улар ўртасида юзага келадиган, расмий статистикани тайёрлаш, тарқатиш ва мувофиқлаштириш билан боғлиқ бўлган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Қонун билан «расмий статистика» тушунчаси киритилмоқда, у давлат статистика органлари ва расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари томонидан тайёрланадиган ҳамда тарқатиладиган статистика маълумотларидан иборатдир.
Шунингдек Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: идентификатор, индивидуал ва маъмурий маълумотлар, метамаълумотлар, миллий статистика тизими, расмий статистикани тайёрловчи, статистика маълумотлари, статистика маълумотларини тайёрлаш, статистик бирлик.
Расмий статистиканинг асосий принциплари мустақиллик, тушунарлилик ва шаффофлик, аниқлик ва ишончлилик, беғаразлик ва холислик, статистик махфийлик, долзарблик ҳисобланади.
Давлат статистика қўмитаси расмий статистика соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади. Давлат статистика органлари расмий статистиканинг асосий тайёрловчилари бўлиб, расмий статистикани тайёрлашни, тарқатишни ҳамда мувофиқлаштиришни амалга оширади.
Статистика дастурларига расмий статистикани тайёрловчилар сифатида киритилган давлат бошқаруви органлари расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари ҳисобланади.
Расмий статистикани тайёрловчиларга индивидуал ва бошқа маълумотларни статистика мақсадларида тақдим этувчи жисмоний ёки юридик шахс респондент ҳисобланади.
Маъмурий маълумотларни расмий статистикани тайёрловчиларга тақдим этувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари маъмурий маълумотларни етказиб берувчилардир.
Жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан уларнинг алоҳида бўлинмалари, филиаллари ва ваколатхоналари расмий статистикадан фойдаланувчилар бўлиши мумкин.
Шунингдек Қонун билан расмий статистика соҳасида қуйидагилар белгиланди:
- давлат сиёсатининг асосий йўналишлари;
- Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда Давлат статистика қўмитасининг расмий статистика соҳасидаги ваколатлари;
- расмий статистикани тайёрловчиларнинг, респондентларнинг, маъмурий маълумотларни етказиб берувчиларнинг ҳамда расмий статистикадан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- статистика дастурларини ишлаб чиқиш, статистик кузатувни ва рўйхатга олишни ўтказиш, статистика регистрларини юритиш тартиби;
- маъмурий ва индивидуал маълумотлардан фойдаланиш, шунингдек статистика маълумотларининг махфийлигини таъминлаш тартиби ва бошқалар.
Қонун қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.08.2021 йилда кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.