Вазирлар Маҳкамаси 27.10.2020 йилдаги “Олий таълим муассасаларини нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 655-сон қарорни қабул қилди.
Ҳужжат Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.
Қарор билан трансформация қилишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- олий таълим жараёнини рақамлаштириш, таълим технологияларини трансферини таъминлаш;
- лойиҳавий ўқитиш усулларини кенгайтириш, инновацион таълим муҳитини шакллантириш ҳамда тадқиқотларни ривожлантириш;
- талабаларда тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш;
- олий таълим муассасасини таълим ва илм-фанни ривожлантириш марказларига айлантириш.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига олий таълим муассасаларини трансформация қилиш учун:
- 2021 йил 1 мартга қадар 5 та олий таълим муассасасини саралаб олиш мақсадида очиқ танлов ўтказиш;
- очиқ танлов шартлари ва уни ўтказиш тартибини икки ой муддатда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
- 2021 йил 1 майга қадар олий таълим муассасаларини трансформация қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.
Белгиланишича, трансформация қилинадиган олий таълим муассасалари:
- босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади;
- 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тажриба-синов тариқасида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари уларнинг ўзлари томонидан белгиланади;
- давлат комиссияси билан келишилган ҳолда ОТМга кириш имтиҳонларини мустақил ўтказади;
- ҳамкор сифатида бириктирилган хорижий олий таълим муассасаларидан ўқитувчилар жалб қилади;
- чет тилларида ўқитиладиган фанлар босқичма-босқич киритиб борилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасаларини трансформация қилиш жараёнини молиялаштириш учун халқаро молия-иқтисодиёт институтларининг грантларини жалб қилиши зарур.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.10.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.